«Метан заправка»ларга қўшимча чекловлар киритилди

Бугун, 13 декабрдан Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри ва яна бешта вилоятда автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятида қўшимча чекловлар киритилди.

Билдирилишича, Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги «метан заправка»нинг 1179 тасидан ҳозирги вақтда 547 таси ишламоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» бундай чекловларни мамлакатда ҳаво ҳароратининг совиб бориши туфайли аҳоли орасида табиий газга талаб бирмунча ошгани билан изоҳлайди.

Шунингдек, кеча, 12 декабрь куни юзага келган авариялар тўғрисида ҳам ахборот берилган.
Айтилишича, Навоий вилояти «Шўртепа» МФЙдаги ўрта босимли газ қувурида газ сизиб чиқиши ҳолати аниқланган. Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги «Янгиҳаёт» ГТСда эса ўрта босимли ерости газ қувурида газ сизиб чиқиши ҳолати қайд этилган.

Бундан ташқари, Сирдарё вилоятининг Ховос тумани Ховособод МФЙдаги юқори босимли газ қувурида пайванд чоки ёрилиши оқибатида газ сизиб чиқиши кузатилди. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 6-миттитуман ҳудудидаги юқори босимли газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилган.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Улуғнор тумани Янгиобод МФЙдаги юқори босимли газ қувурида авария ҳолати кузатилган. Бухоро вилоятининг Вобкент туманида Қўқин, Гулистон, Арабхона, Шохнигор, Ширин, Чорбоғкент, Паноб ва Ҳажувон маҳаллаларини табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли газ қувурида авария ҳолати кузатилган.

Шу билан бирга, Бухоро шаҳрининг Гулчорбоғ ва Қалқон маҳаллаларини табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли газ қувурида носозлик кузатилгани сабаб, 700 истеъмолчига вақтинча газ таъминоти тўхтатилган.

Юқоридаги ҳолатларда ходимлар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилиб, газ таъминоти қайта тикланган.

Янгиликлар