Қозоғистонда совуқ туфайли мактаб ўқувчилари масофавий таълимга ўтказилди

Қозоғистоннинг Остона, Олмаота, Чимкент, Қарағанда, Кокшетау, Павлодар, Семей, Петропавловск, Тараз шаҳарларида совуқ туфайли ўқувчилар масофавий таълимга ўтказилди.

Остонада биринчи сменада ўқийдиган 0-11-синф ўқувчилари ва коллежнинг 1-2-курс талабалари, Қарағандада биринчи ва иккинчи сменада ўқийдиган 0-11-синф ўқувчилари масофавий таълимга ўтказилган. Ҳаво ҳарорати -35 даражагача совиган Кокшетауда бугун 1-11-синф ўқувчилари биринчи сменада масофадан туриб ўқишади.

Павлодарда ҳам 0-11-синф ўқувчилари ва 1-2 курс коллеж талабалари учун масофавий ўқитиш тартиби жорий этилган. Ҳаво ҳарорати -27 даражагача совиган Семейда биринчи сменанинг 1-9 синф ўқувчилари учун дарслар онлайн тарзда ўтказилади.

Шунингдек, ҳаво ҳарорати -33 даражагача совиган Петропавловскда мактаб ўқувчиларига онлайн дарслар ўтилади. Чимкентда ҳам қаттиқ совуқ муносабати билан 0-11-синфлар 15 декабрга худди шу тарзда билим олади.

Бундан ташқари, 13-14 декабрь кунлари Олмаота ва Таразда ҳам ўқувчилар уйидан туриб ўқишлари мумкин.

Янгиликлар