Mиграция агентлиги Россиянинг юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик битимини имзолади

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқароларни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Россиясининг юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлари билан ҳамкорлик битимини имзолади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, агентлик томонидан Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини миграция ва меҳнат тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ масалаларда ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида 8 сентабрдан 15 октабрь кунига қадар очиқ танлов ўтказилган.

Танлов ҳужжатларига асосан, Россияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини қуйидаги ҳолларда ҳуқуқий ҳимоя қилиш кўзда тутилган:

  • меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби бўйича — иш берувчи томонидан ҳужжат билан тасдиқланган қарздорликларни ундиришга оид даъволарни судгача бўлган тартибда ёки суд тартибида ҳал қилиш;
  • меҳнат мажбуриятларини бажариш вақтида меҳнат мигрантининг соғлиғига етказилган зарар учун иш берувчи томонидан моддий ва маънавий зарарларни қоплашга оид даъволарни судгача бўлган тартибда ёки суд тартибида ҳал қилиш масалалари;
  • ишчининг меҳнат вазифаларини бажариш жараёнида вафот этганлиги натижасида етказилган зарарни қоплаш ёки меҳнат вазифаларини бажаришда соғлиғига етказилган зарар учун моддий тўловларни ундириш юзасидан суғурта полиси ёки Россия Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан суғурта тўловларига оид даъволарни судгача бўлган тартибда ёки суд тартибида ҳал қилиш масалалари;
  • Россиядан маъмурий чиқариб юбориш тўғрисида ноқонуний қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиш юзасидан аппеляция ва кассация тартибида шикоят киритиш борасидаги юридик ҳаракатлар.

Таъкидланишича, бугунги кунда юқорида кўрсатилган ҳолларда фуқароларни қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Россияда юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан Aгентлик ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.

Мазкур битимга асосан, юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси маълум қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонлик мигрантларни пандемия даврида Россияга ишга юбориш тартиби соддалаштирилиши ҳақида хабар берилган.