Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида маълумот берилди

Олий Мажлис қонунчилик депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram каналида конституцияга қандай ўзгартиришлар киритилаётгани ҳақда маълумот берди.

Фото: Халқаро ислом академияси матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенатининг 11 декабрь куни бўлиб ўтадиган навбатдаги мажлиси кун тартибида «Ўзбекистон Республикаси Конститусиясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги масала ҳам кўриб чиқилиши ҳақида маълумотлар эълон қилинган эди.

Депутатнинг сўзларига кўра, хабар ортидан жамоатчилик томонидан Конституцияга айнан қандай ўзгартиришлар киритилаётганлиги ва унинг асослари нималардан иборатлиги ҳақида саволлар пайдо бўла бошлаган. Унинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар Президентнинг 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан:

«Таъкидлаш жоизки, бу ўзгаришлар аввало Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги ‘Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида’ги фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан бўлиб, унга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб:

  • вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;
  • маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Фармонга асосан 2021 йил 1 январдан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конститусиясининг 107-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилмоқда:

‘Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистан Республикаси Конститусиявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат’».

Қайд этилишича, бу ўзгаришлардан мақсад фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник таъминлаш ишини яхшилашга эришишдан иборат. Шунингдек Расул Кушербаев миллий норматив-ҳуқуқий базада давлат тилидаги қонунчилик тушунчаси қонунларда ишлатилмаганини таъкидлаган:

«Mиллий қонунчилигимизда рус тилидаги ‘законодателство’, ва ‘акты законодателства’ тушунчалари ўзбек тилида ‘қонун ҳужжатлари’ деб, рус тилидаги ‘закон’ ва ‘законодателный акт’ тушунчалари ўзбек тилида бир хил ‘қонун’ деб ишлатилган. Миллий норматив-ҳуқуқий базада давлат тилидаги ‘қонунчилик’ тушунчаси қонунларда ишлатилмаган.

Шу боис, ‘Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида’ги Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш билан бир вақтда Конститусияда ҳам ушбу сўзларни тўғри қўллаш мақсадида ‘законодателство  қонунчилик’, ‘акт законодателства — қонунчилик ҳужжати’, ‘законодателный акт — қонун ҳужжати’ кўринишида бериш таклиф этилмоқда».

Бундан ташқари депутат Конституциянинг қайси моддаларига ўзгартиришлар киритилаётганини маълум қилган.

«Шу муносабат билан, давлат тилидаги Конституциянинг 7-моддаси иккинчи қисмига, 33-моддага, 85-модда тўртинчи қисми 8-бандига, 86-модда бешинчи қисми 8-бандига, 93-модда биринчи қисми 16-бандига, 98-модда учинчи қисмига, 100-модда саккизинчи хатбошисига, 117-модда саккизинчи қисмига ўзгартиришлар киритилмоқда. Нима бўлганда ҳам бу ўзгаришлар фақат ва фақат фуқароларнинг фойдаси йўлига хизмат қилишига қаттиқ умид қиламиз», дейди у.

Aввалроқ Ўзбекистонда биринчи маротаба Конституция Брайл алифбосида нашр этилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар