Фарғонада юк машинаси билан тўқнашган «Damas» ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди — фото
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 12 январь куни юк машинаси билан тўқнашган «Damas» ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Унга кўра, 12 январь куни фуқаро Ж.П. «Damas» русумли автомашинасини Дахана-қақир қишлоғи ҳудудида бошқариб кетаётиб, қарама-қарши йўналишдаги М.З. бошқараётган «МAN» русумли юк автомашина билан тўқнашган. Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида Ж.П. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда «Lacetti» уриб юборган 16 ёшли қиз шифохонада вафот этгани ва Екатеринбургда йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ўзбекистонлик 5 ёшли бола ва 27 ёшли аёл ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Шуниннгдек, Тошкентда дарахтга бориб урилган «Malibu» ёниб кетгани хабар қилинган.