Қўрғонтепада жойлардан ўзбек тилида бўлмаган пешлавҳа ва рекламалар олиб ташланади

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида ўзбек тилида бўлмаган пешлавҳа ва рекламалар олиб ташланади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот котиби «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Қўрғонтепа туманида давлат тилини назорат қилиш, жойлардаги пешлавхалар, рекламалар ва бошқа турдаги ташқи ёзувларни тартибга солиш масаласи кўриб чиқилди.

Туман ҳокими топшириғига кўра ҳар бир ташкилот, муассаса, корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа турдаги жойларда ташқи ёзувларни назорат қилиш ишлари бошланган. Бу борада тегишли масъулларга керакли кўрсатмалар бериб ўтилган. Ушбу масалаларга масъул шахсга мутасадди ташкилот ва органлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда фаолият олиб бориш топширилган.

Жумладан:

  • туман бўйлаб мавжуд бўлган ҳар қандай турдаги ташқи ёзувларда имло хатолари ёки чет тилларидаги ёзувларнинг биринчи даражада кўрсатилгани кузатилган ҳолларда ушбу ёзувларни ҳамкор шаклда тўғрилаш ёки олиб ташлаш;
  • Одоб-ахлоқ меъзонларига зид, эскириб кетган ёзувлар тўлалигича бошқасига алмаштирилиши ёки олиб ташланиши;
  • Ташкилот ва муассасаларда бўлимлар номи, шиорлар ёки бошқа турдаги баннерларда аниқлик ёки мазмун жиҳатдан тўлиқ кўрсатилмаган ёзувлар ҳам тўғри ҳолга келтириш топширилган.

Аввалроқ Наманганда кўчалардаги реклама баннерлари ўзбек тилида ёзилишини тарғиб қилиш бўйича тадбир ўтказилгани ҳамда Самарқанд кўчаларидаги реклама баннерлари чет тилидаги ёзувлардан тозалангани ҳақида хабар қилинганди.

Маълумот учун, Нурободда ўзбек тили қоидаларига риоя қилинмаган реклама баннерлари олиб ташланган. Кейинчалик Самарқанд кўчаларидаги реклама баннерлари чет тилидаги ёзувлардан тозаланган эди.