Aндижон ва Фарғонада гиёҳвандлик моддалари савдоси билан шуғулланганлар ушланди

Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида Тошлоқ туманида яшовчи 2006 йилда туғилган шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда 27 кг 573 гр «гашиш» ва 3 кг 967 гр «опий» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Аниқланишича, ушбу наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида эса 1986 йилда туғилган фуқаро Қирғизистоннинг Ўш вилоятида истиқомат қилувчи шахс билан ўзаро тил бириктириб, 1 кг 806 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситасини харидорга 80 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаронинг уйидан ҳам 2 кг 698 гр «Мефедрон» моддаси тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Таъкидлаш лозимки, ушбу синтетик наркотик моддалар Қирғизистондан олиб келинган.

Бошқа ҳолатда эса Андижон туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Damas русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига кирувчи 2800 дона «Регапен» ва 957 дона флаконда «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланган.

Ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам сотиш мақсадида айланма йўллар орқали Қирғизистондан олиб келинган.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар