Бухорода аёл рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйди

Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи аёл 12 январь куни рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.

Фото: «Daryo»

Унга кўра, қотиллик жинояти туманнинг Қуйи Чуқурак маҳалласида содир бўлган. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жасур Насуллоевнинг сўзларига кўра, 1965 йилда туғилган фуқаро Б.Ш. ва унинг 1983 йилда туғилган турмуш ўртоғи Р.Х. ўртасидаги рашк жиноятга сабаб бўлган.

Айтилишича, эр-хотин даладан бирга қайтаётган пайтда рашк сабаб тортишиб қолган. Тортишув улар уйига келгунга қадар ҳам давом этган. Асоссиз рашк аёлни асабийлаштирган ва ўзи билмаган ҳолда эрининг чап биқинига ошхона пичоғини уришига олиб келган.

Б.Ш.га зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва у туман марказий шифохонасига келтирилган.

«Айни пайтда бемор аҳволида ижобий ўзгариш бор. Фуқаро билан суҳбатда у аёли билан яшашда давом этишини, тушунмовчилик сабаб ушбу ҳолат содир бўлганини билдирди. Оила нотинч оилалар рўйхатида турмайди. Шу пайтгача ўзаро ишончсизлик сабаб келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолатлар ҳам бўлмаган», — дейди маҳалла раиси.

Фото: «Daryo»

Қайд этилишича, эр-хотин 2008 йил турмуш қурган бўлиб, ҳар иккаласи ҳам аввалги турмушидан айрим сабабларга кўра ажрашган.

Жиноят содир бўлган куни Бухоро вилояти прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи томонидан туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида маҳалладаги ушбу жиноят муҳокама қилинган. Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган. Жиноятнинг содир этилишига маҳаллада маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизимининг тўлиқ йўлга қўйилмагани сабаблиги маълум бўлган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Бухорода 35 ёшли аёл «ўйнаш»ини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқандда маст эркак келишмовчилик сабаб 34 ёшли аёлни уриб ўлдиргани хабар қилинган.

Янгиликлар