Самарқандда ИИБ ходимига ишни «босди-босди» қилиш учун 4 минг доллар бермоқчи бўлганлар қўлга олинди
Самарқандда ИИБ ходимига ишни «босди-босди» қилиш учун 4 минг доллар бермоқчи бўлган 2 фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Пайариқ тумани ИИБ ходимлари томонидан туманнинг «Ғаллакор» маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.нинг яшаш уйи кўздан кечирилган. Текширув натижасида таркибида олтин моддаси бўлиш эҳтимоли бўлган тошларни майдалаш учун мўлжалланган тегирмон, унинг ичидан 300 килограмм қум, 25 қоп тош (2 тонна) ва 31 қоп қум (1,5 тонна) аниқланган ҳамда тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Далилий ашёлар расмийлаштириб олинган вақтда Ш.нинг хонадонига Қўшработ тумани «Бойтуп» қишлоғида яшовчи қариндоши Б. келиб, тош ва қумларни олиб кетмаслик эвазига ИИБ ходимларига 2000 долларни таклиф қилган. ИИБ ходимлари рози бўлмагач, ишни «босди-босди» қилиш учун келишув миқдори 4000 долларгача кўтарилган.
ИИБ ходимининг мурожаатига асосан 15 сентябрь куни Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси вилоят бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро Б. ИИБ ходимига 17 миллион сўм ва 1900 доллар миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Ҳозирда прокуратура органлари томонидан ҳар иккала фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Самарқандда 100 долларга 4 та ўқ-дори сотган шахс ва 43 ёшли дугонасининг уятли фотосуратларини тарқатиб, шарманда қилмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Самарқандда ўқишга киритиб қўйиш эвазига 53,5 минг доллар «ишламоқчи» бўлган ўқитувчилар ва ўқишга киритиш эвазига 400 доллар пора олган шахс қўлга тушгани маълум қилинди.