«Қишни бир амаллаб ўтказамиз». Тошлоқдаги «Камолот уйи»га кўчиб чиққан ёш оилалар хонадонлардаги ҳолат ҳақида гапирди

Фарғона вилояти Тошлоқда «Камолот уйи»га 2016 йил кўчиб чиққан ёш оилалар хонадонлардаги ҳолат ҳақида гапирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Маълум қилинишича, туман маркази яқинидаги Алишер Навоий кўчасида жойлашган мазкур маскан ҳудудида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмаган. Шунингдек, ушбу кўп қаватли уйнинг канализацияси марказий тармоққа уланмаган ва шу маҳалла ҳудудидаги зовурга чиқариб юборилади. Зовурнинг ёқимсиз ҳиди маҳалла аҳли норозилигини келтириб чиқармоқда.

Фото: ЎзА

Хабарга кўра, мазкур «Камолот уйи»даги хонадонлар ёш оилаларга имтиёзли кредит асосида берилган. Аммо кўп қаватли уйнинг ичимлик суви ичишга яроқли эмас ва юқори қаватларга сув чиқмаган. Шунинг учун хонадон эгалари тоза ичимлик сувини сотиб олади. Мазкур ҳолат юзасидан мутасаддиларга қилинган мурожаатларга жавоб берилмаган.

Бундан ташқари, уйларда табиий газ босими ниҳоятда паст, баъзида овқат пишириш, чой қайнатиш учун соатлаб вақт сарфланади. Шу сабабли айрим оилалар кичик суюлтирилган баллонларни ишлатади.

Фото: ЎзА

«Рости, минг ҳадик билан шу баллончани ишлатамиз. Ичимлик сувинику гапирмаса ҳам бўлади. Косани тагига занг чўкиб қолади. Иссиқлик тармоғи кўчиб келганимиздан бери ишламайди. Қишни бир амаллаб ўтказамиз. Муаммоларни айтганимиз билан ҳал бўлмаганидан кейин шундай шароитда яшашга мажбур бўляпмиз»,—деди мазкур ҳудудда яшайдиган фуқаролардан бири.

Шунингдек, «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларда яшовчилар ташқаридаги умумий ҳожатхонадан фойдаланади. Ҳожатхона эса ачинарли ҳолатда. Бундан ташқари, ичимлик суви хонадонларга тортилмаган ва очиқдаги артезианда идиш-тавоқ, кирлар ювилади. Уларнинг мағзаваси оқизилган ариқ ҳидига чидаш қийин.

Фото: ЎзА

Бундан аввал Жондорда авария ҳолатига келган кўприклар нега таъмирланмаганининг сабаби ва Булоқбошидаги маҳаллада аҳоли мурожаатидан сўнг ҳожатхоналарни таъмирлаш ишлар бошлангани маълум қилинган эди. Кейинчалик Андижонда газ таъминотининг узилиши ва пасайиш сабаблари ҳамда Шерзод Қудратхўжаев Сардоба ҳалокатидан кейин тақсимланаётган уй-жойлар ҳақида гапиргани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар