Оролбўйида 12 трлн сўмдан ортиқ маблағга инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Нукус шаҳрида 14 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева иштирокида 2020—2023 йилларда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантириш дастурининг бажарилишини таъминлаш ва бу борадаги вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Оролбўйида умумий қиймати 12 триллион сўмдан ортиқ бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши маълум қилинди, деб хабар бермоқда Сенат матбуот хизмати.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Сенат раиси ўз нутқида давлат раҳбари томонидан 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича белгилаб берган вазифаларнинг ижросини таъминлашга тўхталган.

Таъкидланича, бу бўйича Қорақалпоғистонни 2020—2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган. Дастурда ҳар бир шаҳар ва туманнинг «ўсиш нуқта»лари ҳамда ижроси бўйича масъуллар белгиланган. Бундан ташқари, йиғилишда Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича ахборот берган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, 2020—2022 йилларда Оролбўйида умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1359 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Шундан 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва қарийб 20 мингта янги иш ўрни яратилади.

Aввалроқ Қорақалпоғистонни 2020—2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Нукусда йилига 200 тонна балиқ етиштириш қувватига эга корхона билан танишгани хабар қилинган.

Янгиликлар