Пайариқда фуқарога қўлланилган 2 млн сўмдан ортиқ жарима адлия бўлими томонидан бекор қилинди

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 17 август, душанба куни туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари томонидан фуқарога қўлланилган жарима Пайариқ туман адлия бўлимининг аралашуви билан бекор қилинди. Бу ҳақда «Tez News» муҳбири хабар берди.

Маълум бўлишича, Пайариқ туман адлия бўлимига тумандаги «Фидокор» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.А. туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, мурожаат қилган.

Мурожаат мазмунига кўра, фуқаро Ж.А. 2020 йилнинг март ойида туманнинг Ингичка қишлоғидан ўз уйига шахсий автомашинасида тош олиб кетаётган вақтида туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари томонидан тўхтатилиб, автомашинада ортилган тошни суратга олган. Лекин инспекция ходимлари томонидан фуқарога ҳеч қандай ҳужжатга имзо қўйдирилмаган. Бироқ орадан 3 ой ўтганидан кейин мажбурий ижро бюросидан Ж.А.нинг телефонига 2 252 300 сўм қарзи борлиги тўғрисида хабарнома келган.

Аниқланишича, Пайариқ туман экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспектори томонидан 2020 йил 18 март куни фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, шунингдек, 2020 йил 27 мартда  маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш баённомаси ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилинган.

Пайариқ туман адлия бўлимининг аралашуви билан Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2020 йил 20 июлдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарорни бекор қилиш ҳақидаги қарори қабул қилиниб, фуқаро Ж.А.га қўлланилган жарима бекор қилинган.

Аввалроқ Бухорода қумни ноқонуний қазиб олаётган фуқарога 3 миллион сўмдан ортиқ, Самарқандда қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олаётган шахсга 6 миллион сўмдан ортиқ  жарима белгилангани ва Олтинкўлда Қорадарё ўзанидан ноқонуний қум-шағал қазиб олаётган фуқаро 6,5 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада сўнгги 10 ой давомида ваколатли ташкилотлар томонидан қанча қонун бузилиши ҳолатлари аниқлангани маълум қилинган.

Янгиликлар