Қўқонда қаровсиз қолдирилган 2 та велосипедни ўғирлаган шахс ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида қаровсиз қолдирилган 2 та велосипедни ўғирлаган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 16 сентябрь куни Туркистон кўчасида яшовчи фуқаро А.Ж. ИИБга мурожаат қилган. Унда 15 сентябрь куни соат 22:00 ларда номаълум шахс Туркистон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг кириш йўлагида қаровсиз қолдирилган 800 000 сўмлик велосипедини ўғирлаганини айтган.

Шунингдек, 16 сентябрь куни Туркистон кўчасида яшовчи Н.Н. ИИБга мурожаат қилган. 15 сентябрь куни соат 22:00 ларда номаълум шахс Туркистон кўчаси кўп қаватли уйни кириш йўлагида қаровсиз қолдирилган нархи 1 200 000 сўмлик велосипедини ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятларни фуқаро Ю.С. содир этганлиги аниқланган. Унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Марғилонда 800 минг сўмлик, Қўқонда 5 миллион сўмлик, Фарғонада 1,5 миллион сўмлик велосипедларни ўғирлаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қўқонда 1,5 миллион сўмлик велосипедни ўғирлаган йигит ушланган.