Фарғона шаҳрида 10 млрд сўмга таъмирланган болалар шифохонаси фойдаланишга топширилди (фото)

Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги шаҳар болалар шифохонаси реконструкция қилиниб, 50 ўриндан иборат уч қаватли даволаш корпуси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Президентнинг 2018 йил Фарғона вилоятига қилган ташрифи давомида берилган топшириқ асосида мазкур тиббиёт масканида амалга оширилган реконструкция ҳамда қурилиш ишларига 10 миллиард сўм маблағ сарфланган. Натижада бемор болалар учун зарур шароитлар яратилиб, янги тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Шунингдек, шаҳар болалар шифохонасига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун махсус жиҳозланган «Damas» автомашинаси совға қилинди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозoров, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тиббиёт муассасалари ходимлари иштирок этган. Мазкур муассасада 335 нафар шифокор, ҳамшира ва кичик тиббиёт ходимлари шаҳарнинг 92 минг нафардан зиёд 18 ёшгача бўлган фуқароларга хизмат кўрсатади.

«Аҳолига, айниқса, болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш – бизнинг энг асосий вазифамиз. Мазкур шифохонада болаларни малакали даволашни йўлга қўйиш, замонавий технологиялар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратамиз. Шунингдек, бу ерда ёш шифокорларимизга инновацион изланишлар олиб бориш, сифатли муолажаларни ташкил этиш, ривожланган тиббиёт муассасаларида малака ошириш ишларини ҳам йўлга қўйиш айни муддао бўлади», — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.

Вилоят ҳокими очилиш маросимидан сўнг шифохонанинг янги биносини кўздан кечириб, шифокорлар билан суҳбатлашган.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Сўхда 1,5 миллиард сўм инвестиция эвазига соғломлаштириш маркази очилганни ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар