Наманганда уйида сохта пул ясаганлар ушланди

Чортоқ туман ИИБ ва ДХХ туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида 16 декабрь куни ўтказилган тезкор тадбирда хонадонида қалбаки пул ясаб кўрганлар аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

Маълум қилинишича, тадбир давомида 38 ёшли Ф.А.нинг хонадони кўздан кечирилган. Унга кўра, хонадон эгаси ва 27 ёшли Р.А. лар ўзи билан олиб келган «HP» русумли ноутбук, «Epson» номли рангли принтер ҳамда турли рангдаги бўёқлар, «Delli» номли ламинация ускунаси, 1 дона соч қуритгич, дазмол ва 4 та қутида А-4 форматдаги қоғозлар, хонадон гилами остидан А-4 формат қоғозга чиқарилган 50.000 сўмлик купюрадаги 18 дона, 100.000 сўмлик купюрадаги 4 дона қалбаки пуллар аниқланган. Улар баённома орқали ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Фото: Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан Чортоқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ф.А. ва Р.А.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми «в» банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб қалбаки пул ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Данғара туман Давлат солиқ инспекцияси раҳбари салкам 270 миллиард сўмни қалбакилаштиргани аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Учкўприкда 200 долларни қалбакилаштирган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар