«Пул йўқ, қаерга борсанг, бор». Сирдарёда банк шохобчасидаги таблода ёзув пайдо бўлди — видео
Ижтимоий тармоқларда «Mikrokreditbank»ка тегишли 24/7 шохобчасининг ички қисмидаги электрон таблода «Пул йўқ, қаерга борсанг, бор» деб ёзилган видеолавҳа тарқалди. «Zamon» информацион дастури мухбири ушбу ҳолат бўйича «Mikrokreditbank» ахборот хизмати раҳбари С.Очилов билан боғланди.
Аниқланишича, воқеа Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги «Mikrokreditbank»нинг 24/7 режимида ишловчи шохобчасида бўлган. Маълумотлар «Mikrokreditbank» ходимлари томонидан эмас, балки электрон таблога масофадан боғланиш функцияси орқали боғланган ҳолда номаълум шахслар томонидан ўзгартирилган.
Банк матбуот хизмати ходимининг айтишича, ўша вақтда ўша банкоматда 241 миллион сўм пул бўлган. Шунингдек, келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраб, ушбу ҳолат банк томонидан назоратга олиниб, келгусида бу каби ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кўрилаётганлиги маълум қилинган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Ўзбекистонда пулни нақдлаштиришда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўловни енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб ўрнатилган банкоматлар сони маълум қилинган.