Aндижонда IT-park мутахассислари томонидан 5 та янги лойиҳа тақдим этилди (фото)

Aндижон шаҳрида 18 cентябрь куни шаҳрдаги IT-park мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган йирик лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Aндижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, Aндижон шаҳрида жойлашган «Рақамли шаҳар»да ўтказилган ушбу тақдимот Шавкат Мирзиёевнинг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилди.

Фото: Aндижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, ташкил этилган лойиҳалар тақдимотида вилоят ҳокими Шуҳрат Aбдураҳмонов ва AКТ вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев иштирок этган.

Маълум қилинишича, «Monterra» платформаси орқали сунъий йўлдош маълумотларини Aндижон вилоят қишлоқ хўжалиги соҳасига жорий этиш ҳамда «Хонобод-ТУР», «Маҳалла», «Шифохона», «Меҳнат» ва «Томорқа» ягона ахборот тизимлари лойиҳалари тақдим этилган.

Фото: Aндижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, ҳоким Шуҳрат Aбдураҳмонов ва вазир ўринбосари томонидан кўриб чиқилган лойиҳалар юзасидан қўшимча таклифлар берилган.

Аввалроқ Япония Ўзбекистондаги АТК лойиҳаларига қарийб 163 миллион доллар кредит ажратиши ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Сўхда қиймати 639 миллиард сўм бўлган лойиҳа амалга оширилиши, Россиянинг технологик компанияларидан бири Наманганда туризм соҳаси учун сунъий интеллект жорий қилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар