Ижтимоий муаммолар, фан, иқтисодиёт. Ўзбекистоннинг энг машҳур Telegram блогерлари рейтинги

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда блогерларнинг обрўси, жамиятда тутган мавқеи ошиб бормоқда. Улар халқ ва расмийлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.

Блогерларнинг бугунги кундаги асосий фаолият майдони Telegram мессенжери бўлмоқда. Бошқа платформаларда ҳам катта аудиторияни тўплаган каналлар, гуруҳлар, пабликлар бор, албатта, аммо айнан Telegram ижтимоий мавзулар кўтариладиган, таҳлиллар бериладиган, хуллас, блогинг профессионаллашаётган жойга айланмоқда. Шу боис Telegram каналлар очиб, фаолият юритаётган блогерлар жамият ва давлат ташкилотлари наздида ўзига хос брендга, залворли фикр манбаига айланмоқда.

Фото: «Tez News»

«Tez News» нашри эътиборингизга ўзбек тилида фаолият олиб борувчи энг кўзга кўринган ва жамият муаммоларига, халқ мурожаатларига энг кўп эътибор қаратадиган, ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлган блогерларнинг 30 талик рейтингини тақдим этади. Рейтингни тузишда уларнинг каналларидаги обуначилар сони, кунлик ўқилиш сони, постларининг муаммолар ҳал бўлишига ва оммавий муҳокамаларга таъсири, исм брендинги каби мезонларга эътибор қаратилади.

«Xushnudbek.uz» канали — 330 мингга яқин обуначи

Хушнудбек Худойбердиев

Ҳуқуқшунос, «Ўзбекистон» ахборот агентлиги директори ўринбосари Хушнуд Худойбердиевнинг Telegram-канали. Муаллиф унда жамият ҳаётига ва ҳуқуқ соҳасига доир постлар, турли мурожаатлар, таълим соҳаси муаммоларига бағишланган мақолаларни чоп этиб боради.

«Troll.uz» канали – 82,5 минг обуначи

Умид Гафуров

Блогер Умид Гафуровнинг канали. Муаллиф каналида жамиятдаги турли муаммоларни юмор орқали танқид қилишни яхши кўради. Ўзбек ва рус тилларида ижод қилади.

«Rais Buva» канали – 58,3 минг обуначи

Telegram тармоғидаги жамият муаммолари устидан юмор воситасида танқид қиладиган каналлардан бири. «Rais Buva» муаммоларга карикатура ёрдамида ёндашади.

«Davletov.uz» канали – 57,9 минг обуначи

Қобил Хидиров

Каналда, асосан, давлат сиёсати билан боғлиқ янгиликлар, таҳлиллар, танқидлар ва мурожаатлар ёритилади.

«Даврон Файзиев» канали – 52,4 минг обуначи

Спорт шарҳловчиси,  журналист, телебошловчи Даврон Файзиевнинг Telegram канали. Каналда муаллиф, асосан, спорт, жумладан, футбол, бокс, UFC ҳақида ёзади.

«Xayrulla Hamidov Official» канали – 43,9 минг обуначи

Журналист, спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидовнинг канали. Каналда муаллиф, асосан, футбол ҳақида ёзади. Унда радио ва телевидениедаги чиқишларидан лавҳалар бериб боради. Асосан бир мавзуда ёзадиган кам сонли ихтисослашган каналлардан бири.

«Мубашшир Аҳмад» канали – 35,6 минг обуначи

Azon TV ва Qaqnus Media нашриёти асосчиси, диний олим Алишер Турсуновнинг Telegram канали (тахаллуси – Мубашшир Аҳмад). Муаллиф каналида турли диний олимлардан иқтибослар, шахсий фикрлар, тасаввуфга доир дарслар қилиб боради. Тасаввуф ва умуман диний соҳадаги сифатли каналлардан бири.

«Alimoff» канали – 28,8 минг обуначи

Нурбек Алимов

Халқаро муносабатлар бўйича эксперт, блогер Нурбек Алимовнинг канали. Каналда муаллиф ўзига хос тарзда руҳлантирувчи постлар, таҳлилий чиқишлар, танқидлар чоп этиб боради. Каналнинг тили ҳам оддий одамлар тушунадиган даражада содда.

«Зафарбек Солижонов» канали – 28,8 минг обуначи

Ҳуқуқшунос Зафарбек Солижоновнинг канали. Муаллиф жамиятдаги турли иллатлар, порахўр амалдорлар ва «ғалати одатлар»ни танқид остига олади. Бунда баъзан юмор, баъзан сатирадан фойдаланишни хуш кўради.

«Fayzbog‘.uz» (Temur Malik) канали – 25,7 минг обуначи

Блогер Темурмалик Тожиддинзоданинг канали. Муаллиф жамият ҳаётидаги муаммоларни нишонга олади. Баъзан юмор, баъзан сатира, баъзан жиддий. Анъанавий «танқидчи» каналлардан бири.

«Мухбир Далиев» канали – 24,8 минг обуначи

Журналист Хуршид Далиевнинг Telegram-канали. Каналда муаллиф ўзиниш шахсий қарашларини ва халқдан келаётган мурожаатларни ёритиб боради.

«TentakMinds» канали – 23 минг обуначи

Канал юртимизда юз бераётган воқеаларга тентакона ёндашиб, муносабат билдиради. Канал муаллифининг ёзишича, канал дунёни ўзгартирадиган ғоялар канали.

«Bakiroo» канали – 19,3 минг обуначи

Иқтисодчи Отабек Бакиров канали. Муаллиф иқтисодий янгиликлар билан бир қаторда аччиқ танқидий постлар ҳам ёзиб боради. Канал тили анча кескин.

«Тўғри ёзамиз – мутахассис блоги» канали – 21,2 минг обуначи

Telegram’даги фойдали илмий каналлардан бири. Каналда муаллиф ўзбек тилидаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлмиш имловий хатолар устида ишлайди. Унда сўзларнинг қандай ёзилиши тушунтириб борилади.

«Safari» канали – 17,6 минг обуначи

Нозим Сафаров

Публицист Нозим Сафаровнинг Telegram-канали. Каналда ижтимоий муаммолар танқид остига олинади. Ўзининг шахсий қарашларини, баъзан сиёсий янгиликларни бериб боради.

«Баҳодир Аҳмедов» канали – 15,3 минг обуначи

Ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедовнинг канали. Муаллиф ҳуқуқий мавзудаги чиқишлар ва жамиятдаги айрим камчиликларни танқид қилиб боради.

«Иқтисодчи кундалиги» канали – 13,7 минг обуначи

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг канали. Муаллиф каналида, асосан, иқтисодиётга оид мақолалар, таржималар ва шахсий фикрларини ёритиб боради. Тор доирада фаолият юритувчи каналлардан бири.

«Диёр Имомхўжаев» канали – 13,7 минг обуначи

ЎПФЛ директори, журналист Диёр Имомхўжаевнинг Telegram канали. Каналда муаллиф футбол ҳақида ёзади.

«Замбаракнинг ўқи» канали – 13,2 минг обуначи

Канадада истиқомат қиладиган блогер Фарҳод Файзуллаевнинг канали. Муаллиф жамият ҳаётининг турли жабҳаларига оид шахсий фикрларини бериб боради, Канададаги ҳаёт тарзи ва ҳоказолар ҳақида ёзади.

«Муҳрим» канали – 12,4 минг обуначи

Журналист, «Daryo.uz» нашри бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаевнинг канали. Каналда муаллифнинг шахсий қарашлари бериб борилади.

«Асанов формати» канали — 10 мингга яқин обуначи

Эльдар Асанов

Журналист, тарихчи ва филолог Эльдар Асановнинг канали. Бир соҳага мўлжалланган сифатли илмий каналлардан бири. Унда муаллиф, асосан, тилшунослик ва тарихга оид постлар ёзади. Баъзан ижтимоий муаммолар ҳақида сифатли ва холис таҳлиллар ёзадиган кам сонли блогерлардан бири.

«Habikatura» канали — 9 минг обуначи

Канал муаллифи жамиятдаги муаммоларни ажойиб тарзда карикатура қилишга уста оз сонли карикатурачилардан бири. Бу турдаги блоглардан энг яхшиси, десак янглишмаган бўламиз.

«Исроил Тиллабоев блоги» канали — 8,1 минг обуначи

Ўқитувчи Исроил Тиллабоев канали. Асосан, таълим тизими муаммолари ва янгиликларига оид постлар ёзиб борадиган блогер. Каналда тизимдаги муаммолар, ўқитувчиларнинг мурожаатлари ёритиб борилади.

«Блогер Шаҳноза» канали – 7,8 минг обуначи

Шаҳноза Соатова

Филолог Шаҳноза Соатова канали. Илғор фикрли жамоатчи аёллардан бири. Каналда муаллиф турли ижтимоий муаммолар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашиб боради.

«Азиза Умар кундалиги» канали – 6,1 минг обуначи

Азиза Умарова

Иқтисодчи Азиза Умарова канали. Каналда муаллиф ўзбек ва рус тилларида жамиятимиздаги долзабр муаммолар ҳақидаги фикрларини бериб боради.

«Журналист Шокиржонов» канали – 6,1 минг обуначи

«Kun.uz» журналисти Шуҳрат Шокиржонов канали. Муаллиф турли журналистик материаллар, фуқаролар мурожаатлари ва шахсий қарашларини бериб боради.

«Алишер Рўзиохунов» канали – 4,9 минг обуначи

«Kun.uz» журналисти Алишер Рўзиохунов канали. Муаллиф ўз фаолиятига доир янгиликлар, аҳоли мурожаатлари, жамият ҳаётига доир шахсий қарашларини ёзиб боради.

«Allaev.uz» канали – 4,8 минг обуначи

«Asaxiy.uz» ва «Asaxiy Books» лойиҳалари асосчиси Феруз Аллаевнинг Telegram канали. Каналда муаллиф бизнес, сиёсат, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги шахсий қарашлари ва тажрибалари билан ўртоқлашиб боради.

«Микрофон кўтарган аёл» канали – 4,2 минг обуначи

Азиза Қурбонова

Журналист Азиза Қурбонова канали. Муаллиф аёллар муаммолари, шунингдек, оиласи ва ишига доир постларни бўлишади.

«Микрофон Ашуровда» канали – 2,8 минг обуначи

Физик олим Рустам Ашуровнинг канали. Обуначилари сони кам бўлса-да, асосан, илм-фанга оид мақолалар ва салмоқли таҳлилий фикрлар ёзадиган оз ададдаги сифатли каналлардан бири.

Рейтинглар