Хайрулло Бозоров Гулистон шаҳарчасида қурилаётган кўп қаватли уйлар лойиҳаси билан танишди

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 20 октябрь куни Бағдод тумани Гулистон шаҳарчасида қурилаётган 4 ҳамда 5 қаватли уйларнинг лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 20 октябрь куни Бағдод туманининг Гулистон шаҳарчасида қурилаётган кўп қаватли уйлар ва янги лойиҳаларни кўздан кечирди. Фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида шаҳарчада 4 ва 5 қаватли уйлар қурилмоқда. Айни пайтда ҳудудда 10 та 4 қаватли ва 10 та 5 қаватли уйлар қурилиши бошлаб юборилган.

«Энг муҳими, бунёдкорлик ишларига хусусий сектор вакилларини янаям кўпроқ жалб этиш керак ва қурилаётган уйларнинг нархи талабгорларни қониқтирадиган бўлсин. Қурувчи ташкилоти ўз маблағлари эвазига уйни қуриб битказса, банк кредитига эҳтиёжи йўқ бўлса, шундагина уйларнинг нархи баланд бўлмайди. Шунинг учун бизга ҳар томонлама салоҳиятли, иқтисодий жиҳатдан барқарор қурувчилар керак. Янгиланаётган Ўзбекистонни ана шундай бунёдкорлар барпо этишяпти. Ижтимоий соҳа объектлари, йўллар ва пиёдалар йўлаклари, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканлари тармоқларини юзага келтириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш эса бизнинг вазифамиз», — деди вилоят ҳокими.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Наманган вилояти ҳокими Тўрақўрғонда қуриладиган 5 қаватли уйлар лойиҳасини бориб кўргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар