«Тонировка»дан тушган пуллар қаерга ишлатилади? Ҳуқуқшунос жавоб берди

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев автотранспорт воситаларидан уларнинг ойнасини тусини ўзгартириб (қорайтириб) фойдаланиш — «тонировка»дан тушган пуллар қаерга ишлтилиши юзасидан маълумот бериб, бу бўйича ўзининг таклифларини билдирди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида пост қолдирди.

Фото: Telegram

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлдаги қарорининг 2-бандида тонировкадан тушган пуллар қаерга сарфланиши кўрсатилган бўлиб, тушган маблағлар қуйидагиларга мақсадли йўналтирилади:

  • Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантиришга ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига;
  • ДЙҲХХ моддий-техника базасини ривожлантиришга;
  • ДЙҲХХ ходимларини ижтимоий рағбатлантиришга;
  • кейинчалик «Инновация лойиҳалари ва аҳолига сервис хизматлар кўрсатиш маркази» ДУКнинг тонировка қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплашга.

Шунингдек, қарор ижросини таъминлаш мақсадида ИИВ Махсус жамғармасида алоҳида банк ҳисоб рақами очилган. Ҳуқуқшуноснинг айтишича, тушган пуллар фақат ва фақат ички ишлар органларининг махсус жамғармасига тушади, шу тизимга сарфланади, ИИО ходимларининг ойлигини оширишга ишлатилади.

«Кўриб турганингиздек, тонировкадан тушган пулларнинг бир тийини ҳам умумий давлат бюджетига ўтказилмайди. Демакки, тонировканинг пулларидан мактаблар қурилмайди, шаҳарлар обод бўлмайди, йўллар таъмирланмайди, ‘Обод қишлоқ’ ёки ‘Обод маҳалла’ лойиҳаларига сарфланмайди, ўқитувчи ёки шифокорларнинг маоши ёки кексаларимизнинг пенсиялари оширилмайди ва ҳ.к.

Балки шунинг учундир ИИВ масъуллари тонировкадан тушум камайиб кетмаслиги учун рухсатсиз тонировка ўрнатишга жаримани 25 баравар кўтаришни таклиф қилишди ва буни уддалашди ҳам. Аввал 200 минг сўм бўлган жарима бирданига 5 миллион сўмга айланди. 1 февралдан 6 миллион сўм бўлади.

Ёки йиллар давомида қонунда рухсат бўлса ҳам орқа ён ойналарга парда ўрнатишни асоссиз тақиқлаб, минглаб ҳайдовчиларни ноқонуний жаримага тортишгани ҳам ҳали ёдимиздан чиққани йўқ», — дея ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Шу билан бирга блогер ушбу ҳолат юзасидан ўз таклифларини бериб ўтган. Хусусан, ҳеч бўлмаса, орқа ён ойнага йилнинг иссиқ мавсумида (май–сентябрь) тонировка ўрнатиш бепул бўлиши керак, қолган пайтлари, пуллик бўлишини ҳамда рухсатсиз тонировка ўрнатганлик учун жаримани кескин камайтириш ва сал мантиқли кўринишга келтириш кераклигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари томонидан автотранспорт воситаларидан уларнинг ойнасини тусини ўзгартириб (қорайтириб) фойдаланиш учун 2020 йилда 50 758 та рухсатнома берилиб, салкам 190 миллиард сўм тўлов сифатида ундирилгани маълум бўлганди.

Янгиликлар