Ғиждувонда 21 сентябрдан пахта терими бошланди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида 21 сентябрь, душанба куни пахта терими бошланди, деб хабар бермоқда Ғиждувон ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Ғиждувон ҳокимлиги матбуот хизмати

Туман ҳокими Муроджон Умаров 21 сентябрь, тонгда пахта теримининг бошланиши муносабати билан Бухородаги етти пирнинг биринчиси Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасини зиёрат қилган. Шунингдек, теримчи ва фермерлар учун пахтадан мўл ҳосил олишни ният қилган ҳолда қўй сўйиб, ош тортилган.

Фото: Ғиждувон ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, 2020 йилда Ғиждувон туманида 10 минг 210 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда. 263 та фермер хўжаликлари томонидан давлатга 17 минг 36 минг 680 тонна пахта топшириш белгиланган. Бундан ташқари, ҳар гектар майдондан 10 центнердан жами 9 минг 365 тонна қўшимча пахта топшириш мақсад қилинган.

Фото: Ғиждувон ҳокимлиги матбуот хизмати

«Туман далаларида етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни қисқа муддатларда ва тартибли равишда ташкил этиш учун йиллар давомида ўз самарасини кўрсатган отряд шаклида, яъни жамоа бўлиб пахта териш учун тайёргарлик кўрилди», дейилади хабарда.

Фото: Ғиждувон ҳокимлиги матбуот хизмати

Хокимлик хабарига кўра, пахта ҳосилини ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш учун уй бекалари, уюшмаган ёшлардан иборат 280 та терим отряди шакллантирилган. Отряд сафига 26 минг 200 нафар теримчи киритилган бўлиб, шундан 14 минг 47 нафари фермер хўжалиги аъзолари ҳисобланади. Шунингдек, теримчиларнинг 2 минг 153 нафари уюшмаган аҳоли вакиллари, 923 нафари эса «темир дафатар»га киритилган 2637 та оиладан кўнгилли сифатида пахта йиғим-теримида иштирок этувчилардир.

Аввалроқ Андижон туман прокурори пахта теримчиларига яратилган шароитлар билан танишгани, Поп туманида 2020 йилги мавсумда салкам 29 тонна пахта ҳосили олиш режалаштирилгани ҳамда Ўзбекистоннинг айрим туманларида қўлда терилган пахта учун устама ҳақ берилиши ҳақида хабар берилганди.