Ўзбекистонда қарийб 2 йилдан буён фош этилмаган жиноятлар сони маълум қилинди

Сенатнинг 20 ноябрь куни ўтказилган тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистонда қарийб 2 йилдан буён фош этилмаган жиноятлар сони маълум бўлди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Таъкидланишича, Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиев ўз маърузасида сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ишларга тўхталган.

«Суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шароитларни бартараф этиш, шунингдек, содир этилган жиноятларни ‘изи совимасданʼ фош этишда фойдаланиладиган илмий-техник усул ва воситаларни модернизация қилишни талаб қилмоқда. Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, мазкур ‘Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида’ги қонунни қабул қилиш аҳамиятли эканлигини англашимиз мумкин», — деди Сенат аъзоси Фарҳод Боқиев.

Қайд этилишича, 2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойи давомида 720 та оғир, 207 та ўта оғир турдаги жиноятлар фош этилмаган. Шундан 35 таси қотиллик, 18 таси оғир тан жароҳати етказиш, 5 таси номусга тегиш, 11 таси босқинчилик жиноятларини ташкил этади. Бундан ташқари, биргина 2020 йилнинг 9 ойида 367 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилмаган ва 224 та номаълум мурданинг шахси аниқланмаган.

«Ҳозирда содир этилаётган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар тўлиқ фош этилиши ва жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб этади. Бунда жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланилмоқда. Фош этилмаган жиноятлар эса, ўз навбатида, жиноятчиларга жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгусида жиноий фаолиятини давом эттиришга имкон бермоқда. Бунинг оқибатида эса жамиятда жиноий фаолиятга кўниккан шахслар жиноят изларини яширишга уринмоқда», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, жазони ижро этиш муассасаларида оғир жиноят учун 8311 нафар ва ўта оғир жиноят учун 15 765 нафар, жинсий эркинликка қарши қаратилган жиноятлар учун 1777 нафар судланган шахслар мавжуд. Қолаверса, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилиниб, жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан, лекин судланганлик ҳолати тугатилмаган шахслардан ҳам мажбурий равишда геном бўйича давлат рўйхатига олинади.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 6 ой давомида қанча жиноят содир этилгани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.