Ўзбекистонда ташқи савдо айланмаси ҳажми қанчага камайгани маълум бўлди
Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–октябрь ойлари якуни бўйича республиканинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 30 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, бу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 4,2 миллиард долларга ёки 12,4 фоизга камайган. ТСАда экспорт ҳажми 13,3 миллиард долларга (7,4 фоизга камайди) ва импорт ҳажми 16,7 миллиард долларга (16,0 фоизга камайди) етди. Ҳисобот даврида 3,4 миллиард доллар қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитойда (17,1 фоиз), Россияда (15,1 фоиз), Қозоғистонда (7,7 фоиз), Кореяда (5,9 фоиз), Туркияда (5,5 фоиз), Қирғизистонда (2,4 фоиз) ва Германияда (2,1 фоиз) қайд этилган.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлат орасидан бешта давлат билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Хусусан, Афғонистон (607,7 миллион доллар), Қирғизистон (508,4 миллион доллар), Тожикистон (242,3 миллион доллар) ва Эрон (40,9 миллион доллар) шулар жумласидан. Қолган 16 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.
Аввалроқ Наманган вилоятининг ташқи савдо айланмаси 9 ой мобайнида қанчага камайгани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.