Видео: Ислом Каримов 7 йил ишлаган хонадан репортаж

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов 7 йил давомида Олий Мажлис биносида жойлашган хонада фаолият юритган. «Qalampir» нашри мазкур хонадан видеорепортаж тайёрлади.

Маълумотларга кўра, Ислом Каримов 1997 йилдан 2004 йилгача Олий Мажлис биносида жойлашган хонада ишлаган. Айни вақтда эса ушбу хонадан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов фойдаланмоқда. Хона аввал бошданоқ қандай таъмирланган, жиҳозлар қандай жойлаштирилган бўлса, шундайлигича турибди. Акмал Саидов ундаги ҳеч нарса ўзгартирилмаганини айтган.

«Бу ерда 1997 йилдан 2004 йилгача Ўзбекистон Республикасининг Биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ўтирган. Икки палатали парламент бўлгандан кейин бу хонага деярли кирмаганлар. Бир палатали парламент бўлган пайтларда шу хонага келиб ишлаганлар. Икки палатали парламент даврида фақатгина қўшма мажлисларда келиб, кирсалар ҳам, қўл чайишга кирган бўлишлари мумкин.

Лекин мен бу ерда ҳеч нарсани ўзгартирмадим. Бу ерда 1997 йилдаги услуб қолган. Ўзига хос тарихий хона бу. Бу бинога 1997 йилда кўчганмиз. Ўшанда Ислом Абдуғаниевич шу хонада ўтирганлар.

1997 йилдан 2004 йилгача ҳар 3–4 ойда келиб турардилар. Пастки қаватда бирга тушлик қилардик. Кейин шу ерга чиқардик. Қоғозлари шу ерда турарди, шу ерда қўл чаярдилар. Мен ҳалигача ҳеч нарсани ўзгартирмаганман. Фақат китобларимни олиб келдим.

Мен Ислом Абдуғаниевич билан 1989 йил июндаги Фарғона воқеалари бўлгандан бери ишлаганман», — дейди Акмал Саидов ушбу хона ҳақида гапираркан.

Маълумот учун, Ўзбекистон Биринчи президенти Ислом Каримов 1989 йил 23 июнда Ўзбекистон ССР компартияси Марказий қўмитаси Биринчи котиби этиб тайинланган. 1991 йилдан бошлаб мамлакат Президенти вазифасини бажарган. У Ўзбекистоннинг мустақил тарихидаги ягона ҳақиқий муқобил дея кўрилган 1991 йил декабрь ойидаги сайловларда илк бор Президент этиб сайланган эди. Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 cентябрь куни 78 ёшида вафот этган.