Алишер Узоқов уни кўриш учун Тошкентга келган мухлисини томоша пайтида урганини айтди — видео

Актёр ва режиссёр Алишер Узоқов 19 декабрь куни YouTube’даги «Xay mayli» подкасти бошловчиси Миршакар Файзуллоевга берган интервьюсида уни кўриш учун Сурхондарёдан келиб, театрга тушган томошабинни ургани ҳақида гапирди.

Кадр: YouTube / Intervyu TV

Актёрнинг таъкидлашича, ўша куни саҳнада Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» асари қўйилган. Бу спектаклнинг бошидан охиригача драматик саҳналар мавжуд.

«Сўнгги саҳналардан бири Заҳириддан Муҳаммад Бобур ватанидан ҳайдалганидан кейин тоғларда оёқяланг, бир оз телбанамо ҳолда юрган ҳолати бор. Ана шу вазиятда ёнимда юрган вазирлардан бири келиб, ‘шоҳим, кетайлик бу ерларданʼ, дейдиган гапи бор.

Ўшанда Бобур ‘Шоҳим. Қани шоҳ? Уни қаерда кўряпсан? Қани у шоҳ?’ деб бақиради. Унгача спектакль бошланиб, биринчи саҳнанинг ўзидан биринчи қаторда ўтирган иккита йигитга кўзим тушди. Улардан бири менга қараб тиржайиб ўтирипти. Мен ‘уҳ, дедим, ҳозир кириб қолар ҳолатга’ деб ўйладим. Чунки саҳнада ҳаммада дард, сиқилиш, ҳақиқатда кучли, ҳамма йиғлаяпти», — дейди Алишер Узоқов.

Қайд этилишича, Шайбонийхон Бобурнинг опасини олиб кетган вақтида персонаж кучли сиқилиш пайтида бўлади. Шу саҳнада ҳам ўша томошабин кулиб ўтираверган.

«Мен айтдим, вой томошабинлар нега умуман тушунмаяпти. Нега биз саҳнада нима ижро этаётганимизни англаб етмаяпти?

Хуллас, ўша саҳнага келдик. ‘Шоҳ, шоҳим қани?ʼ саҳнасига… ўзим учун қарор қилиб олдим, шу жойида томошабинни шунчаки огоҳлантириб қўйишим керак. У ҳаттоки айрим жойларда ‘хехехе’ деб баланд овозларда кулиб ҳам юборди. Бу театрни бунақа руҳда томоша қилинмаслигини тушунтириб қўймоқчи бўлдим. Ўзим учун қанақадир режалар қилиб олдим. Охирги вазиятларга келиб, унга мурожаат қиламан дедим. Балки шунда мени тушунар дедим.

Акбархўжа Расулов шоҳим деганда ‘қани шоҳ, қани?’ дедим ўша томошабинга қараб. У бола менга қараб, хохолаб юборди. Ўша унинг катта хатоси бўлди. Билмадим ким, нима? Балки у Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг қўли бўлгандир. Билмадим, бир нима бўлди ичимдан. Шунда қўлимни кўтариб юборганман. Шундан сўнг қолган томошабинлар сесканиб қолди», — дейди актёр.

Алишер Узоқов шу куни тунда футбол шарҳлаш учун телевидениега боргани, шунда театр директори телефон қилгани ҳақида гапирган. Унга кўра, томоша пайти калтак еган мухлис телефон қилиб, актёрнинг устидан шикоят қилмоқчи бўлганини айтган. Узоқов эса у билан эртага театрда гаплашишини маълум қилган:

«Шунда ҳалиги бола ўртоғи билан келди. Кўзи бир оз шишиб кўкарган. Унинг ўртоғи гапирди, ‘ака ундай эмасда энди. Менинг ўртоғим Сурхондарёдан келди. Ҳаётида биринчи марта театрга тушди, у аслида Алишер Узоқовни кўраман деб келганʼ.

Шундан сўнг мен йигитни чақириб, ‘келинг, энди кўрдингизми Алишер Узоқовни?ʼ дедим. Битта сурат тушиб, хатосини тушунтирдим. Бу ерда менинг айбим шундан иборатки, у томошабин Сурхондарёда менинг қайсидир комедия кинойимни кўрган. Мен шуни тушунмаганман».

Маълумот учун, Алишер Узоқов «Жаноб ҳеч ким», «Уйланиш», «Тундан тонггача», «Сўнгги лаҳза», «Исломхўжа», «Элпарвар», «Менинг акам бўйдоқ», «Энди дадам бўйдоқ» каби фильмларда бош ролларни ижро этган. «Музлаган», «Кузда гуллаган дарахт», «Менинг акам бўйдоқ», «Энди дадам бўйдоқ» каби фильмларга режиссёрлик қилган.

Аввалроқ Алишер Узоқов «Zo‘r TV» каналидан нима сабабдан кетганини маълум қилганди. Шунингдек, Алишер Узоқов «запрет»га тушганида 20 минг сўмлик дорига пули бўлмагани ҳақида сўзлаб берганди.