«Бухоро бошқа вилоятлардаги ривожланишдан 10 йил орқада қоляпти» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг 22 январь кунги навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари бўйича маъруза қилди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бухоронинг бугунги ривожи маъқулми, деган саволга менинг жавобим: йўқ. Бошқа вилоятлардаги ривожланишдан 10 йил орқада қоляпти. Коррупция, порахўрлик барҳам топмаяпти. Ялпи ҳудудий маҳсулотда қишлоқ хўжалиги улуши 50 фоиз экани эски замондан нишон. Саноат, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик бўйича вилоятнинг имкониятлари жуда кенг. Туман ҳокимлари, сектор раҳбарларининг дунёқараши ўзгариши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент жойлардаги муаммо ва имкониятларни маҳалла даражасида ўрганиш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги иш тизими жорий этилишини таъкидлаган. Шу мақсадда вилоятга ишчи гуруҳ юборилганини, шаҳар ва туманларга вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

«Энди жамиятимизда бошқача йўналиш бўлади — маҳалла катта кучга айланади. Агар маҳалла раиси билимли, фидойи бўлса, кайфият ҳам, иқтисодиёт ҳам ўзгаради», — деди давлат раҳбари.

Қайд этилишича, мавжуд 544 та маҳалланинг ҳар бири ўрганилиб, 333 таси «қониқарли», 182 таси «ўрта» ва 29 таси «паст» ривожланиш тоифаларига ажратилган. Аҳолига даромад манбаи яратиш захиралари аниқланган.

Давлат раҳбари ишсизлик муаммосига алоҳида тўхталган. Янги иш ўринлари очиш ва ўз-ўзини банд қилувчиларга шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берилган. Оилавий тадбиркорлик, ёшлар бизнес лойиҳаларига 390 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланган. Ҳар бир туманда биттадан касб-ҳунар мактаби танлаб олиниб, унинг базасида мономарказлар ташкил этилади, маҳаллабай ўрганиш натижаси ўлароқ ишсизлар, ёшлар ва аёллар талаб юқори касбларга ўргатилади.

Бухоро вилоятида 2021-2022 йиллар учун умумий қиймати қарийб 19 триллион сўм бўлган 713 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Шундан 555 таси бу йил амалга оширилиши, 14 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, жумаладан, зиёрат туризмини янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланган. Жумладан, қадимий «Ғиждувон қўрғони»ни қайта тиклаб, очиқ осмон остидаги музей барпо этиш, Вобкент туманида «Ширин» қишлоғини этнотуризм масканига айлантириш, Пешку туманининг Афшона қишлоғида «Ибн Сино замонаси» мажмуасини ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Бухоро зардўзлиги ва заргарлиги халқаро фестивалини ўтказиш ташаббуси илгари сурилган.

Шунингдек, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, янги таълим ва тиббиёт муассасалари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгпн. Хусусан, 2021 йилда Бухорода Президент мактаби фаолият бошлайди. Математика, ахборот технологиялари, кимё-биология ва физикага ихтисослашган 16 та мактаб ташкил этилади. Шу билан бирга, 18 та мактабни реконструкция қилиш белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари ёшлар масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб, ёшларда ғоя кўплигини, интилиш борлигини, уларга шароит яратиб, елкадош бўлинса, улар жуда катта куч, қудрат, имконият ва келажак эгаси бўлишини таъкидлаган.

«Сессияда инфратузилмани ривожлантириш, ичимлик суви ва оқова тармоғини яхшилаш, йўллар қуриш ва таъмирлаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 21 январь, пайшанба куни ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрган. Хусусан, вилоятга келиб, вертолётда Олот туманига йўл олган ва табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан учрашган.

Аввалроқ Бухоро шаҳар Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Бухоро вилоятига ҳоким тасдиқланганди.

Янгиликлар