«Бухороликлар рози бўлса, мен ҳам ўзимни бахтиёр сезаман». Президент Бухоро вилоятига тайинланган ҳоким ҳақида

Бухоро шаҳрида 22 январь куни Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Бухоро вилоятига ҳоким тасдиқланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, сессияда ташкилий масала кўрилган. Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил ноябрь ойидан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Ботир Комилович Зарипов номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этган.

«Вилоятни бошқариш, одамларни сафарбар қилиш осон иш эмас. Буни Зариповнинг ўзиям тушуняпти. Мен уни турли лавозимларда синаганман, охирги уч ойда ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизлар ҳам синадингиз. Бухоронинг сувини ичиб, чангини ютиб улғайган йигит вилоят шароитини яхши билади. Энг муҳими, бухороликларни яхши кўради», —  деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Ботир Зарипов 1969 йилда Ғиждувон туманида туғилган. Банк соҳасида турли лавозимларда ишлаган. 2016-2020 йилларда республика қурилиш материаллари саноатини бошқарган. Халқ депутатлари, оқсоқоллар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Ботир Зарипов Бухоро вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланган.

«Бухорои шарифдек жойга, унинг буюк халқига раҳбар бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ана шу ишонч доим қулоғингиз остида турсин. Кунлар, йиллар шиддат билан ўтади. Агар бухороликлар «вилоятимизга тўғри кадр келган экан», деб рози бўлса, мен ҳам ўзимни бахтиёр сезаман», —  деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нозимжон Холмуродов, Бухоро вилоятининг прокурори вазифасига Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари бўлган Маҳмуд Истамов ҳамда Вобкент тумани ҳокими лавозимига Фарҳод Умаров тайинлангани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 21 январь, пайшанба куни ҳудудлар ривожи, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрган. Хусусан, вилоятга келиб, вертолётда Олот туманига йўл олган ва табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан учрашган.

Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилдаги республика ҳудудлари бўйлаб илк ташрифи Бухоро вилоят амалга оширилмоқда. 2020 йил якунида эса Президент Хоразм вилоятига борган эди.

Янгиликлар