Парламент сўрови натижалари экспертлар иштирокида муҳокама қилинди

Сенат Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг экспертлар иштирокидаги мажлиси 22 январь куни ўтказилди ва Парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Мажлисда Сенат аъзолари, Қўмита экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган. Мажлисда илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинган. Қўмита томонидан Сенатнинг 2020 йил центябрда ўтказилган ялпи мажлисида Илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилган эди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Ҳукуматнинг тақдим этган маълумотномасида бу борада бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилган. Хусусан, маълумотномада илм-фан ва илмий фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Президентнинг 2020 йил 29 октябрдаги «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги «Илмий даражали кадрларни тайёрлаш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Шунингдек, докторантурага тайёрлов босқичи сифатида стажор-тадқиқотчилик институти жорий этилган. Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича олий таълим муассасаларининг 144 нафар битирувчиси тегишли илмий ташкилотларга илмий ходим сифатида ишга жойлашган. Шу билан бирга, мажлисда парламент сўровида айрим бандлар юзасидан етарли даражада тушунтириш ёки муносабат билдирилмаганлиги қайд этилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Жумладан, илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улуши 2025 йилга қадар 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга оширилиши белгиланганига қарамай, буни таъминлаш бўйича Ҳукумат томонидан амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ маълумотлар берилмаган. Бундан ташқари, докторантларнинг ўз муддатида ҳимоя қилишларини ташкил этиш, уларни мунтазам равишда мониторинг қилиш йўналиши бўйича аниқ механизм ишлаб чиқилмаган, олий таълим муассасаларининг замонавий илмий лабораториялар билан жиҳозлаш, илмий лабораториялар материаллари билан етарли даражада таъминлаш юзасидан аниқ таклифлар берилмаган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга мос тарзда илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган, олий таълим муассасаларининг ва таркибида таълим муассасалари бўлган соҳаларда илмий салоҳиятни ошириш йўналишида таҳлиллар, прогнозлар ва аниқ таклифлар ишлаб чиқилмаган. Мажлисда экспертлар томонидан парламент сўровида жавоби етарлича акс эттирилмаган бандлар ҳақида қўшимча маълумотлар берилди ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Аввалроқ Танзила Норбоева АҚШ давлат котиби ёрдамчиси билан учрашгани ва Aбдулазиз Комилов Aфғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси билан кўришгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Aбдулазиз Комилов Қирғизистон ташқи ишлар вазири билан учрашгани хабар қилинган.

Янгиликлар