Жиззахдаги давлат харидларига алоқадор мансабдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Жиззах вилоятида давлат харидларини амалга оширишда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Коррупцияга фқарши курашиш агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси ва тегишли идоралар томонидан Жиззах вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачилигидаги қурилиш объектларида коррупцион хатти-ҳаракатлар ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлиги ўрганилган.

Ўрганишлар натижасига кўра, давлат харидлари жараёнларининг амалга оширилишида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлиги, бунга тегишли мансабдор шахслар томонидан қонуний муносабат билдирилмагани, танлов ҳужжатларини сохталаштирганлик каби ҳолатлар аниқланган.

Бундан ташқари, ғолиб деб топилган «Qurilish ta’minoti» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси мансабдор шахслари томонидан танловда ноқонуний ғолибликни қўлга киритиш мақсадида корхона молиявий кўрсаткичлари, ишчи ходимларнинг қурилиш соҳасидаги маълумоти ва иш тажрибаси, шунингдек, танловда юқори балл олишда инобатга олинадиган бошқа маълумотларни қасддан ошириб кўрсатилган.

Натижада, «Qurilish ta’minoti» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бино қурилишида бажарилмаган 905 миллион сўмлик қисми ёки объект умумий қийматининг 8 фоиз қурилиш ишлари ҳужжатларида қўшиб ёзиб, давлат бюджети маблағларини талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.

Тақдим этилган маълумотлар асосида Жиззах вилоят прокуратураси томонидан тегишли мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) «а» банди ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда ҳокимнинг қизига тегишли компания 2 млрд сўмлик лойиҳаларни қўлга киритгани бўйича текшириш бошланганди.

Янгиликлар