ДТМ абитуриент рухсатномасини юклаб олишдаги муаммоларга интернет тармоғидаги узилишларни сабаб қилиб кўрсатди
Ўзбекистонда абитуриентларга рухсатнома бериш 22 августдан бошлангани маълум қилинганди. Давлат тест маркази рухсатномаларни юклаб олиш жараёнида веб-сайтга киришда кузатилаётган ноқулайликлар юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, интернет тармоғида юз бераётган узилишлар Давлат тест марказининг расмий веб-сайтига киришда мураккаблик туғдирмоқда ва абитуриентлар рухсатномаларини юклаб олиш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда.
«Мазкур ҳолат abitur.dtm.uz сайтига кираётган абитуриентлар сонининг кўплигига боғлиқ эмас. Интернет тармоғи узлуксиз ишлаган тақдирда қанча абитуриент мурожаат қилишидан қатъи назар, abitur.dtm.uz сайти орқали рухсатномаларини юклаб имконияти мавжуд», — дейилади хабарда.
Шунингдек, Давлат тест маркази айни пайтда мутахассислар томонидан интернет тармоғидаги узилишлар сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича зарурий ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, кузатилаётган ноқулайликлар учун узр сўраган.
Аввалроқ Ўзбекистонда тест синовлари ўтказиладиган жойларнинг барчасига видеокузатув камералари ўрнатилиши, кириш имтиҳонлари пайтида ота-оналар ва уларнинг яқинлари учун алоҳида кутиш жойлари ташкил қилинмаслиги ҳамда республика бўйича бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, очиқ спорт майдонидаги илк имтиҳонлар «МИСиС» Олмалиқ филиалида ўтказилгани маълум қилинганди.