Вилоятликларни «аҳмоқ» деб ҳақоратлаган чирчиқлик қиз 10 суткага ҳибсга олинди

Вилоятликларни «аҳмоқ» деб ҳақорат қилган 20 ёшли чирчиқлик қизга ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Олий судга таяниб Kun.uz нашри хабар бермоқда.

Аниқлик киритилишича, 20 июль куни 2004 йилда туғилган қиз ўзининг Instagram саҳифасида жонли эфир ўтказган. Эфир давомида у вилоят аҳолисини «аҳмоқ» деб атаган ва бошқа ҳақоратли сўзларни ҳам ишлатган.

Шундан сўнг, 21 июль куни бошқа бир фуқаро ушбу ҳодиса юзасидан қонуний чора кўришни сўраб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Дастлабки тергов жараёнида профилактика инспектори қизнинг хонадонига ташриф буюрган. Аммо қиз аввалига эшикни очишдан бош тортиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини ҳақоратлай бошлаган.

Суд мажлисида қиз жонли эфир пайтида унга қарата айтилган салбий сўзлар туфайли, вилоятликлар тоғрисида шундай сўзларни айтганини таъкидлаган. У ўз айбини тан олиб жазони енгиллаштиришни сўраган.

Натижада, қиз маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топилиб 10 кунга ҳибсга олинган.

Янгиликлар