«AрМИ—2020» ҳарбий-тиббий эстафетасининг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди (фото)
Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ-дала ўқув полигонида ўтказиладиган «AрМИ-2020» ҳарбий-тиббий эстафетасининг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.
Халқаро мусобақа шартига кўра, Ҳарбий-тиббий эстафета баҳсларида иштирокчилар индивидуал маҳорат ва жамоавий таркибда ғолиблик учун кураш олиб борадилар.
Қайд этилишича, 23 август куни ўтказилган тадбирда Ҳарбий-тиббий эстафетада қатнашувчи барча жамоалар, Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, халқаро мусобақа низомига киритилган ўзгаришга биноан фахрий меҳмонлар сифатида тадбирга таклиф этилган Мудофаа вазирлиги спорт марказининг спорт юлдузлари, жумладан, капитан Наталия Долбилина, лейтенант Надия Дусанова, лейтенант Вадим Менков, кичик сержантлар Олга Умаралиева, Герасим Кочнев ва Марина Хмелевская иштирок этган.
Эстафета бош ҳаками сифатида Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий тиббиёт факултети кафедра бошлиғи, тиббиёт хизмати полковниги Носиржон Фозилов таништирилган.
Қуръа натижаларига кўра жамоаларнинг индивидуал ва жамоавий таркибга кўра иштирок этиш тартиби маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «AрМИ – 2020» халқаро ўйинларининг «Йўл патрули» мусобақаси иштирокчилари Қўқонга боргани ҳақида хабар берилган эди.
Кейинчалик Қўқонда «AрМИ—2020» баҳсларига тайёргарлик ишлари бошлангани маълум қилинди.
Шунингдек, Қўқонда «AрМИ—2020» ўйинларининг «Йўл патрули» беллашуви олдидан кўргазмали чиқишлар ўтказилди.