Мирали Ҳамроевнинг Бухоро ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани рад этилди
Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроевнинг Бухоро ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани рад этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 август куни ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мирали Ҳамроевнинг Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган. Орадан бироз фурсат ўтиб хабарлар ўчирилган.
«Юртдошларимизни норасмий ахборот саҳифаларида эълон қилинаётган маълумотлардан огоҳ бўлишга, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва блогерларни эса ёлғон ахборот тарқатмасликка чақиради», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, коронавирусга чалинган Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов 22 август, шанба куни вафот этган эди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг таъзия маросимида қатнашиш учун Бухорога жўнаб кетгани хабар қилинди.
Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Карим Камоловнинг қабрини зиёрат қилди.
Шунингдек, Президент Карим Камоловнинг хонадонига бориб, марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.