Андижонда патронаж бўйича 253 та қонун бузилиши ҳолати аниқланди

Андижонда патронаж бўйича 253 та қонун бузилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан мониторинг тадбири ўтказилган. Тадбирлар давомида ҳудудларда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни қайд этиш ва уларга хизмат кўрсатиш борасида камчиликлар аниқланган.

Жумладан, Хонободда ижтимоий ёрдамга муҳтож 60 нафар якка яшовчи кекса ва ногирон, шунингдек, 3 нафар 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотига муҳтож ҳамда 4 нафар турли гигиена воситалари билан таъминланиб турилувчи кекса рўйхатда туради. Аммо бу борада қатор камчиликлар кузатилган.

Масалан, Абдурауф Фитрат номидаги маҳалла, Обод кўчасидаги 151-уйнинг 41-хонадонида яшовчи Гўзалхон Содиқова хонадонига патронаж хизмати ходимлари 2 йилдан буён умуман келмаётганлиги, фуқаро турли дори-дармонларга муҳтож бўлса-да, уларни олмаётганлиги, саломатлиги текширилмаётганлиги, уй дафтарига патронажлар ташрифи, ўтказган суҳбатлари бўйича қайдлар умуман йўқлиги айтилган.

Яна мазкур кўчадаги 126-уйнинг 15-хонадонида яшовчи Адолат Абдуманнопова ҳам дори-дармонларга муҳтож бўлса-да, дорилар берилмаётганлиги, патронаж хизмати ходимлари келиб, фақат унинг қон босимини ўлчаб кетишдан нарига ўтмаганлигини айтиб, шикоят қилган. Қолаверса, унинг уй дафтарида ҳам патронажчилар ташрифи ҳақида бирор-бир қайд қўйилмаган.

Шунингдек, ўрганишлар давомида ёлғиз яшовчи кексалар рўйхатида турувчи Обод кўчаси 132-уйда яшовчи Шаҳноза Маҳмудова, шу кўчадаги 135-уйда яшовчи Шакархон Абдуллаева, Фитрат кўчасидаги 126-уйда яшовчи Альфия Шералиева сингари фуқаролардан ҳам патронаж хизмати ходимлари умуман хабар олмаганлиги кўрсатилган.

Хонобод шаҳар адлия бўлими томонидан ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган патронаж хизмати ходимлари ва мутасаддиларга тегишли чора кўриш юзасидан тақдимнома кўрсатилган.

Андижондаги туман ва шаҳарларда ўтказилган мониторинг тадбирлари доирасида мазкур йўналишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилиш ҳолатлари юзасидан мутасадди идораларга жами 253 та огоҳнома ва тақдимномалар киритилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 августгача болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор 4 мингдан зиёд оналарга нафақа берилгани, Наманганда сентябрь ойидан салкам 300 минг нафар пенсионерга оширилган миқдорда нафақа тўлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар