«Болалар», «Дадо», «Сетора», «Уммон»: машҳурликка эришгач, бўлиниб кетган гуруҳлар ҳозир қаерда?

Кимдир болалигида, кимдир ўсмирлигида уларни тинглаб, романтик ҳис-туйғуларга берилган. Кимлардир шу гуруҳлар туфайли мусиқага қизиқа бошлаган. Ҳозир ҳам аҳён-аҳёнда эшитиб туради. 10–20 йил олдин машҳур бўлиб, ҳозир ижодини тўхтатган гуруҳлар ҳақида гап кетмоқда.

Ўз вақтида катта аудиторияга эга бўлган «Болалар», «Дадо», «Сетора», «Уммон» каби гуруҳларнинг вакиллари ҳозир қаерда? Қуйида шу саволга жавоблар билан танишасиз.

«Болалар»

Гуруҳга Тоҳир Содиқов асос солган. Жамоада, шунингдек, Тимур Гайнутдинов, Бахтиёр Нурматов, Тофик Мордухаев ва Вагиф Закиров каби мусиқачилар бўлган.

Тоҳир Содиқов Тошкент шаҳрида яшаб, ижод билан фаол шуғулланиб келмоқда. Шунга қарамай, охирги пайтларда мухлислари унинг янги куйларидан баҳраманд бўлолмаяпти. Бунинг сабаби ижодкор шоу-бизнеснинг бошқа йўналишларида ҳам фаоллигидир.

Вагиф Закиров ҳамда Бахтиёр Нурматовлар ҳам пойтахтда яшаётган бўлса, Тофик Мордухаев Нью-Йоркка кўчиб кетган.

«Дадо»

Ушбу гуруҳ Алишер ва Рустам Мадумаров томонидан тузилган, 2008 йилда эса тугатилган. Қисқа фаолияти давомида гуруҳ кўп мухлисларга эга бўлиб, ҳатто Россияда шуҳрат топган.

Алишер Мадумаров 2014 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланиб, суд ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

2020 йилнинг декабрь ойида гуруҳ Twitter саҳифасида яқинда ижодга қайтишига ишора қилинган хабар пайдо бўлди.

«Сетора»

Гуруҳ Камилла Хаджаева, Лайло Галиева и Феруза Латиповадан иборат бўлган. Гуруҳ анча катта шуҳрат топганидан сўнг бирмунча қийинчиликларга учради. Хусусан, ҳар уч иштирокчининг оиласида муаммолар бўлди. Шунингдек, ижодий фаолиятда ҳам баъзи ҳамкасблар билан келишмовчиликлар кузатилди. Натижада қизлар «Сетанҳо» номи остида янги гуруҳ тузди, «Сетора» сифатида куйлаган қўшиқларини ижро этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.

«Сетанҳо» катта шуҳрат тополмай, тез орада ижодини тугатди. «Сетора»нинг янги таркиблари эса Камилла, Лайло ва Ферузанинг муваффақиятини такрорлай олмай, бир неча йиллик фаолиятдан сўнг тарқалиб кетди.

Лайло ва Камилла Тошкентда, Феруза эса АҚШда бошқа гуруҳлар ва структуралар таркибида, бошқа йўналишларда ижодини давом эттирмоқда.

«Хўжа» гуруҳи

Бу гуруҳ «Фариштамсан», «Етолмайсан», «Кимсиз» тароналари билан мухлислар қалбидан жой олган. 90-йилларда энг оммабоп гуруҳлардан бўлмиш «Хўжа» 2000-йилларда санъатда деярли кўринмай қолди. Гуруҳ лидери ва солисти Иззат Ибрагимов охирги йилларда карьерасини қайтадан бошлашга уриниб кўрди, лекин яна телевизор экранларидан ғойиб бўлди. Қуруқ ёшлик ностальгияси ортидан етарли аудитория тўплай олмади шекилли.

Гуруҳ солисти Иззат Ибрагимов айни кунларда ҳам қизғин ижод билан банд. 2020 йил декабр ойида Авторадио томонидан тузилган олтин 20 талик рўйхатдан гуруҳнинг «Кимсиз» қўшиғи ўрин олди.

«Жоним» гуруҳи

1999 йилда икки дугона —  Зилола ва Нателла Вагиф Закировнинг  таклифи билан «Жоним» гуруҳига асос солди. Икки ой давомида тинимсиз ижод қилган қизлар «Ўтиб кетади» номли альбомни ёзиб тугатди. Бу альбом катта шовшувга сабаб бўлиб, қизларнинг энг юқори рейтингларга олиб чиқди.

Аммо гуруҳ фаолияти кўпга бормади. Бир йиллик биргаликдаги ижоддан сўнг 2000 йилда гуруҳ тугатилди. Зилола Мусаева эса ўшандан буён Шаҳзода тахаллуси билан доимий ижод қилиб келмоқда. У ҳали ҳам тренддаги, энг машҳур ўзбек хонандаларидан бўлиб, мунтазам равишда хит қўшиқлар ижро этиб келмоқда.

«Байрам» гуруҳи

Гуруҳ 1994 йилда ташкил қилинган. Шу йилнинг ўзида тақдим этилган «Жамила» ва «Бом-бом» тароналари катта шовшувга сабаб бўлган эди.

Бир неча йиллик ижоддан сўнг гуруҳ тарқалиб кетди. Бугунги кунда гуруҳнинг собиқ лидери Акмал Мамедов яккахон ижодий фаолият пойтахтда давом этмоқда. Лекин барибир унинг энг машҳур, ўша давр авлоди қалбидан жой олган қўшиқлари 90-йилларда куйланган эди.

«Уммон»

«Уммон» 2007-2008 йилларда ёшлар орасида катта аудиторияга эга бўлган. Унинг иштирокчилари бўлмиш Шоҳруҳ Исамуҳаммедов, Зоҳид Ризқиев ва Жасур Рафиқов бир неча йил давомида муваффақиятли ижодни давом эттиргач, ўзаро келишмовчиликлар ва турли муаммолар юзага кела бошлади. Гуруҳ секин-аста тарқалиб кетди.

Ҳозирги кунда Шоҳруҳ Исамуҳаммедов санъат оламини тарк этган. Зоҳид Ризқиев ва Жасур Рафиқов эса алоҳида-алоҳида ижод қилиб келмоқда.

Бундан ташқари, ўз вақтида тароналари билан ўзига яраша аудитория яратган «Шаҳзод», «Анор», «Бўстон», «Фаёд», «Мафтун» каби кўплаб гуруҳларни, Равшан Собиров, Шоира Отабекова, Абдували Ражабов сингари яккахон ижрочиларни эсга олиш жоиз. Уларнинг ижоди бутун бошли даврни яратди: у авлод уларнинг қўшиқларини тинглаб улғайди.

Тилга олинган гуруҳлар ва ижрочиларнинг аксарияти бугунги кунда ижодни тарк этган ёки тор доирада ижод қилишда давом этмоқда. Қўшиқчиликни ташлаб, шоу-бизнеснинг бошқа йўналишларига ўтиб кетганлар, студия очганлар, продюсерлик қилаётганларам бор. Лекин биз уларнинг эски қўшиқларини тинглаб, ёшлигимизни эсга олишда давом этамиз.

Рейтинглар