Тошкентда «Mercedes»га етказилган салкам 190 млн сўмлик зарар ундирилди

Тошкентда «Mercedes-Benz» автомашинасига етказилган 188 миллион 165 минг сўмлик зарар МИБнинг Яшнобод туман бўлими томонидан ундирилди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: МИБ ахборот хизмати

Хабарга кўра, Мирзо Улуғбек туман Маъмурий судининг 26 майдаги ижро варақасига асосан, Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Қарздор A.С.дан Д.М. фойдасига автомобилга маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган 188 миллион 165 минг 91 сўм зарар ундириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати МИБнинг Яшнобод туман бўлими иш юритувига келиб тушган бўлиб, давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздорга ихтиёрий муддат берилган. Мазкур муддат ичида қарздор зарар пулларини ўз вақтида тўламаган. Шундан сўнг МИБ туман бўлими томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздорнинг хонадонидан 8 турдаги мол-мулклар хатланиб, банд солинган.

Шунингдек, қарздор томонидан 188 миллион 165 минг 91 сўм маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган зарар пуллари ундирувчининг тилхатига асосан нақд кўринишда тўлиқ тўланганлиги сабабли қарздорга тегишли мол-мулкларга солинган бандлар дарҳол бекор қилинган.

Аввалроқ Андижонда 170 миллиард сўмдан зиёд кредит қарздорлиги тўлангани ва Марҳаматда 700 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўрғонтепада юк машинаси хатлангандан сўнг 117 миллион сўм кредит қарзи тўлангани ва Самарқандда алимент тўламай келган эркакдан 45 миллион сўмдан ортиқ пул ундирилгани маълум қилинди.

Янгиликлар