Ёшлар ишлари агентлиги Риштон тумани бўлимига янги раҳбар тайинланди
Муроджон Алижонов Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғи билан мазкур агентликнинг Риштон тумани бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, 24 сентябрь куни Риштон тумани ҳокими ўринбосари Зарифжон Умаров ва агентликнинг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳаммадамин Ғаниев иштирокида туман ҳокимлигида ўтказилган учрашувда янги таъсис этилган бўлим бошлиғи туман фаоллари ва ёшларига расман таништирилган.
Расмий таништирув маросимида сўзга чиққан вилоят ёшлари етакчиси Муҳаммадамин Ғаниев янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлигининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва ваколатлари, агентлик ва унинг қуйи тизимлари ходимлари олдида турган келгусидаги долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб ўтган.
Ўз ўрнида, туман ҳокимининг ўринбосари Зарифжон Умаров ҳам туман ҳокимлиги, бошқа мутасадди ташкилотлар ва туман фаоллари билан ҳамкорликда мазкур янги ташкилотни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликда иш юритиб, бу орқали агентликнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришда яқиндан кўмаклашиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.
Маълумот учун, Муроджон Алижонов Риштон туманида туғилган. Маълумоти олий, 2016 йилда Фарғона политехника институтини тамомлаган. 2020 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Риштон туман кенгаши раиси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келган.
Аввалроқ Бухоро вилоятида Ёшлар ишлари агентлигига раҳбар тайинлангани хабар қилинган эди.
Шунингдек, Самарқанднинг бир қатор туманларида Ёшлар ишлари агентлигининг Наманган ва Самарқанд вилояти бошқармасига ва Қўрғонтепа, Шаҳрихон туманларига янги раҳбарлар тайинланган эди.