Тошкентда танишини «роддом»га раҳбар этиб тайинлаш учун ундан 30 минг доллар сўраган мономарказ бошлиғи ушланди

Тошкент вилояти Бектемир туманида танишини «роддом»га раҳбар этиб тайинлаш учун ундан 30 минг доллар сўраган туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори М.A. фуқаро Ш.A.нинг турмуш ўртоғини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Тошкент шаҳридаги туғруқ комплексларидан бирига раҳбар лавозимига тайинлатиб беришни ваъда қилган. У бунинг эвазига 30 минг доллар талаб қилиб, шундан 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан M.A.гa нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми ва 28, 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида «Nexia 3»ини жарима майдонидан чиқариш учун ЙПХ инспекторига пора таклиф қилган эркак ушлангани, Тошкент темир йўл вокзали қўриқлаш хизматига ишга киритиб қўйиш учун 2 минг доллар олган эркак ушлангани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Булунғурда 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ва Бухорода 45 миллион сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар