Британиялик мутахассислар коронавирусни аниқлашнинг янгича йўлини топди

Буюк Британия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати коронавирусни «ковидли тил» деб номланувчи аломат орқали аниқлаш мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Лондон қироллик коллежи генетик эпидемиология профессори Тим Спекторнинг сўзларига асосланиб, «Medikforum» хабар берди.

Фото: «Reuters»

«Оғиз бўшлиғи коронавирус инфекциясининг инсон танасига кириш нуқталаридан биридир. Касалликнинг қўзғатувчиси бошоқли оқсилга эга бўлиб, бурун ва оғиз бўшлиғида жойлашган махсус рецепторлари билан боғланади. Шунинг учун касалликнинг баъзи белгилари бу жойларда пайдо бўлиши мумкин», — деб тушунтирди олим. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу аломат COVID-19 билан касалланган одамларнинг тахминан 20 фоизини аниқлашда ёрдам беради.

Унинг аниқлик киритишича, юқтириш белгиларига тилнинг шишиши, майда оқ ёки қизил тошмалар ва оғиздаги яралар киради. Эпидемиологнинг сўзларига кўра, коронавирус юқтирган ҳар бешинчи одамда касаллик мобайнида кузатилган аломатлар Буюк Британия тиббиёт идораларининг расмий рўйхатида қайд этилмаган.

Нашрнинг таъкидлашича, Спектор оғизда COVID-19’нинг ноодатий аломати ҳақида хабар берган биринчи олим эмас. Илгари стоматология журнали коронавирус юқтирган беморлар оғзида пуфакчалар пайдо бўлиши маълум қилган. Бундан ташқари, коронавируснинг тиш ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлари ҳам мавжуд.

Аввалроқ CОVID-19 ўлимида ирқлар бўйича ғайриоддий фарқлар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, дерматолог COVID-19 терининг қандай муаммоларини қўзғатишини айтиб берган.