Ҳудудсиз давом этиш

Ўзбекистонда электр, газ ва сувдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан бирига ўзгартириш киритилади

Ўзбекистонда электр, иссиқлик энергияси, газ ва сувдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлардан бири декриминализация қилинади. Бу ҳақда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида маълум қилинди.

Фото: «Корреспондент.net»

Қайд этилишича, қонун лойиҳаси Президентнинг 2020 йил 24 ноябрдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони 13-банди иккинчи хатбошиси ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Фармонга кўра, электр ва иссиқлик энергияси, газ, ичимлик сувидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларни, агар ҳуқуқбузарлик натижасида анча миқдордан кам бўлган зарар етказилган бўлса, декриминализация қилиш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш юзасидан таклифлар киритиш бўйича топшириқ берилган.

«Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш, электр ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан ёки қоидани бузган ҳолда уланиш учун айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича суд-тергов амалиётининг таҳлили шуни кўрсатдики, мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ва унинг учун белгиланган жазолар ўртасида номутаносибликлар мавжуд.

Натижада, мазкур тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар учун ўрнатилган санкциялар ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш мақсадига хизмат қилмаяпти. Жумладан, айрим ҳолларда қилмишнинг хавфлилик даражаси катта бўлмаса-да, қилмиш жиноят сифатида таснифланаётган бўлса, бошқа ҳолатларда қилмишнинг ижтимоий хавфи ва етказилган зарар миқдори катта бўлса-да, у ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят сифатида баҳоланмоқда», дейилади ҳужжатда.

Электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазоларнинг мутаносиблигини таъминлаш ҳамда ушбу жазоларнинг, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилишини таъминлаш мақсадида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • Жиноят кодексининг 185-2-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жиноятни декриминализация қилиш;
  • жиноий қилмишлар қасддан анча миқдорда, кўп миқдорда ва жуда кўп миқдорда зарар етказилишини назарда тутганлигини инобатга олиб, ЖКнинг 185-2-моддасининг иккинчи – тўртинчи қисмларидаги санкцияларни кучайтириш. Бунда, ижтимоий хавфлилик даражаси мутаносиблиги ҳамда қилмиш моҳиятан товар (мол-мулк) ҳисобланган энергоресурсларни ўзлаштиришда ифодаланишини инобатга олиб, ушбу жиноятлар учун санкциялар миқдорини белгилашда талон-торож қилиш ва ўғрилик жиноятлари учун белгиланган санкциялар миқдоридан келиб чиқиш.
  • декриминализация қилинаётган жиноят таркибини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўтказиш ҳамда ушбу ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни кучайтириш.

«Таклиф қилинаётган ўзгартиришларнинг амалиётда қўлланиши соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва камайишига, таъминотчи корхоналарга ушбу жиноятлар натижасида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланишига сабаб бўлади», дейилади лойиҳада.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокиминг қарори лойиҳасида шаҳарда ичимлик суви нархини ошириш таклиф этилгани ҳақда хабар қилинган эди. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» 24 январдан янги тарифлар жорий этилишини маълум қилганди.