Президент мактабларда ёшлар етакчилари учун қўшимча маблағ ажратиш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев мактабдаги ёшлар етакчиларининг тарғиботчи лавозимларига қўшимча маблағ ажратиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда халқ таълим вазири Шерзод Шерматов ўзининг расмий саҳифаларида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шерзод Шерматов Президент томонидан ўтган ҳафтада маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан ўтказилган йиғилишда Ёшлар етакчиларига оид янгиликни маълм қилди:

«Хушхабар: Президентимиз мактаблардаги ёшлар етакчилари ставкасини камайтирмаслик бўйича топшириқ бердилар!

Мактаблардаги кўпчилик ёшлар етакчиларимиздан жойларда 0,25 ставкаси қисқариши мумкин экан, деган хавотирли мурожаатлар тушаётган эди.

Президентимиз томонидан ўтган ҳафтада маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш юзасидан ўтказилган йиғилишда янги киритилаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимларига Ёшлар етакчиларидан 0,25 ставка қисқартириш ҳисобига эмас, балки қўшимча маблағ ажратиш бўйича аниқ топшириқ бўлди.

Шунинг учун хавотирга ўрин йўқ! Ёшлар етакчилари энди эътиборларини бундай хавотирларга эмас, балки жойларда ўз фаолияти самарадорлигини оширишга қаратишлари зарур!

Хабарингиз бор, куни кеча давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифлари давомида IТ-паркда ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Президентимиз Пешку туманида интернет орқали яхши даромад олаётган Шаҳрилло фаолияти билан танишиб, жуда хурсанд бўлдилар. Эсингизда бўлса, у пандемия даврида бошқа ёшларимиз учун онлайн дарслар тайёрлашда ҳам иштирок этган эди.

Шу ўринда, ёшлар етакчилари ҳар бир мактабнинг юқори синф ўқувчилари ҳамда битирувчилари орасидан интернет орқали ўз меҳнати билан оиласига даромад келтираётган Шаҳрилло каби ёшлар фаолиятини кўпроқ тарғиб қилиб борса, бу уларнинг тенгдошлари учун ҳам ҳавас, ҳам ўрнак бўлар эди», — дейди вазир Шерматов.