Сўхда келиб чиққан низо юзасидан 6 киши қамоққа олинди

Фарғона вилояти Сўх туманида Чашма булоғи ёнидан ўтган Қирғизистон билан чегара ҳудудида келиб чиққан низо бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан Бош прокуратура ахборот берди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 31 май куни Фарғона вилояти, Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси, Боткен вилояти, Кадамжай тумани, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ҳодимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Мазкур ҳолат бўйича 2020 йил 1 апрелда Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, фуқаролар ўртасидаги низо катта можарога айланиб кетгандан сўнг бош вазир 1 июнь куни Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолиси билан учрашган ҳамда Қирғизистон ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Қубатбек Бўронов билан музокаралар ўтказган. Учрашувда можаро айбдорларини жазолашга келишиб олинган.

Бундан ташқари, Абдулла Арипов 12 август куни Сўх туманига боргани ва Президентнинг 8 август куни «2020—2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Сўхда ОТМга кириш имтиҳонлари учун 3 мингга яқин абитуриент рўйхатдан ўтганлиги маълум қилинганди.

Аввалроқ Сўхда 800 нафар фуқарога 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули етказиб берилгани, сўхликлар 2020 йилда ер ва мол-мулк солиғидан озод этилиши ва Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиақатновлар йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, бош вазирнинг Сўхда аҳоли билан учрашувидан сўнг сўхлик ёшларга қўшимча 500 та квота ажратилган эди.

Янгиликлар