Хитойга 10 тонналик метеорит қулаб тушди — видео

Хитой ғарбида жойлашган Тибет автоном вилоятининг Юшу шаҳри яқинига 23 декабрь куни 10 тонналик метеорит қулаб тушди. Бу ҳақда «Gismeteo» хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълумотларга кўра, тахминан 416 минг киши яшайдиган шаҳарга тушган бу самовий жисм ҳақида расмийлар тафсилотларни эълон қилмаган. Воқеага гувоҳ бўлганлар кўпчиликни ташкил этади, аммо ҳали қурбонлар ҳақида аниқ далиллар мавжуд эмас.

Баъзи манбаларга кўра, метеоритнинг радиуси тахминан бир метрга тенг, массаси эса 10 тоннани ташкил қилади. Бу ҳозирча аниқ маълумотлар бўлмаса-да, олимлар ўрганишлардан кейин буни эълон қилади. Таъкидланишича, бундай катта метеоритнинг қулаши жуда кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади.

Челябинск давлат университети ходими Сергей Замоздра Хитойдаги метеорит қулаши бўйича изоҳ берган. Унинг сўзларига кўра, бу «ажойиб» ҳодиса атмосферада 29 сония давомида кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, дунё бўйлаб 14 декабрь, душанба куни қуёшнинг тўлиқ тутилиши, шунингдек, астрономик ҳодиса давомида «қуёш тожи» кўриниши кузатилган.

Аввалроқ Ерга рекорд даражада яқин масофадан кичик уй ҳажмидаги астероид учиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, америкалик олим Ернинг музлаткич катталигидаги астероид билан тўқнашиши мумкинлигини айтган.

Янгиликлар