Қувада «Nexia 2» уриб юборган пиёда ҳодиса жойида вафот этди
Фарғона вилояти Қува туманида 21 октябрь куни вояга етмаган бола бошқарувидаги «Nexia 2» пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлаб бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Қува туманида 21 октябрь куни вояга етмаган бола «Nexia 2» автомашинасини Ўрта хўжа Хасан кўчасида бошқариб кетаётиб, йўл четида турган пиёда Қ.З.ни уриб юборган. Оқибатда Қ.З. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот ўрнида юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Риштонда «Nexia» ва скутер иштирокидаги ЙТҲ оқибатида скутер ҳайдовчиси вафот этгани ҳақида хабар берилганди.