Aктриса Сўғдиёна Aзимова 1 йил аввал автоҳалокатда кўрган зарар маблағини ҳалигача ололмаганини маълум қилди

Aктриса Суғдиёна Aзимова 1 йил аввал у билан содир бўлган автоҳалокат пайтида етказилган зарар учун 70 миллион сўм ҳалигача қайтариб берилмаганини маълум қилди. У ўзининг Instagram саҳифасига воқеа жойидан олинган фотосурат ва видеоларни жойлади.

Фото: Instagram/ @sogdiana_officialpage

«Шу воқеага ҳам, мана бугун 1 йил бўлди, лекин ҳалигача ҳам айбланувчи Исроилов Расул Тошкент шахар Миробод туман Маъмурий суд қарори билан 70 000 000 сўм чиқарилган зарарни ҳалигача тўламаган. Инфляция хисобига мен ҳар куни ютқазяпман. Жиззах вилояти Бахмал тумани МИБ ходимлари ‘Президент халқ қабулхонаси’га қўнғироқ қилмагунимча қарор борганини ҳам билишмади, ва ниҳоят, июнда уларнинг овозини эшитишга муяссар бўлдим. Минг афсуски, ҳар қўнғироқ қилганимда ‘эрта-индин’ деган гапни такрор эшитаман. Тўғриси, бунақа ҳаққимни ундириб беролмаётган биз ишонган бу Давлат ташкилотига нима дейишни ҳам билмай қолдим», — дейди у постида.

Сўғдиёна Азимованинг сўзларига кўра, судланувчи судда қочиш сабабини «Мен яхши иш топмоқчиман, шунга чп бўлишини хоҳламадим», дея тушунтирган.

«Бу номард Исроилов Расул воқеа жойидан қочиб кетгани ҳам майли, судда судьянинг нимага воқеа жойидан қочиб кетдингиз? деган саволига биласизми, нима деб жавоб берди (мен каттароқ жойга ишга кирмоқчи эдим шунга чп бўлишини хоҳламадим!) деб берган жавобидан жамиятимизда бунақа кадрлар ростан керакмикин? Ҳозирда Исроилов Расул Тошкентда ишлаяпти. Майли, зўр экан, Ўзбекистон Республикаси қонун ва қарорлариданам қўрқмас бу ‘қора ботир’ тарбия қилган отаси ва сут берган онаси аёл кишининг ҳаққидан қўрқмасмикин. Мен нима дейишни ҳам, нима қилишни ҳам билмай қолдим. Бемалол жиноят қилиб, бировни ҳаққини бемалол еб юрорса бунақаларнинг уриғини қачон қуритамиз. Минг афсус, онанинг ёлғиз қиз фарзиманда эркак киши бўлганимда бошқача гаплашар эдим!» — деган актриса.

Фото: Instagram/ @sogdiana_officialpage

Маълумот ўрнида, шу пайтга қадар Сўғдиёна Aзимова 8 та фильмда суратга тушган. Хусусан, «Aжрашиш» ва «Сабр» фильмлари унга машҳурлик келтирган.

Аввалроқ актриса Азиза Ёқубова коронавируснинг оғир формаси билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Маълум бўлишича, актриса ўзида коронавирус инфекциясини ўтказиб юборган. Оқибатда пневмонияга чалиниб, Тошкентдаги шифохоналарнинг бирига олиб борилган. Уч кун ўтиб, унинг аҳволи яхшиланганлиги маълум қилинган.

Шоу-бизнес