МДҲ мамлакатлари орасида электрон чиқинди миқдори юқори давлатлар маълум қилинди

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида электрон чиқинди миқдори юқори давлатлар маълум бўлди.

Маълум қилинишича, сўнгги 10 йил ичида МДҲ давлатлари ва Грузия полигонида импорт қилинадиган электроника ҳажми деярли ўзгармаганига қарамай, электрон чиқиндилар миқдори салкам 1,5 бараварга кўпайган. Қайд этилишича, бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи қайта ишланган.

«Электрон чиқиндиларни йўқ қилиш МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига кўп фойда келтириши мумкин. Масалан, 2019 йилнинг ўзида 10 тоннадан ортиқ олтин, ярим тонна ноёб тупроқ металлари, 1 миллион тонна темир, 85 минг тонна мис ва 700 тонна кобальт чиқиндихонага ташланган. Бу материаллар барчасининг нархи 2,6 миллиард доллардан ошади», — дейди тадқиқот муаллифларидан бири, БМТ университетининг етакчи тадқиқотчиси Кис Бальде.

Таъкидланишича, электрон чиқиндиларга эскирган ёки жисмоний эскиргандан кейин чиқиндихонага тушадиган электрон қурилмаларнинг таркибий қисмлари киради. Қоидага кўра, бундай чиқиндиларда олтин, литий, кобальт ва бошқа элементларнинг нисбатан катта миқдори сақланиб қолади, уларнинг захиралари Ерда чекланган ҳисобланади.

Қайд этилишича, янги тадқиқотда Бальде ва унинг ҳамкасблари МДҲнинг 11 давлати ва Грузиядаги электрон чиқиндилар билан боғлиқ вазиятни кўриб чиққан ва бундай чиқиндиларнинг аксарияти Россия, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистонда эканини аниқлаган.  Бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи, яъни 79 минг тоннага яқини қайта ишланган.

Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари бор-йўғи тўртта давлатда — Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Украинада мавжуд. Уларнинг аксарияти Беларусда бўлиб, у ерда тўпланган электрон чиқиндиларнинг тахминан 33 фоизи қайта ишланади. Бошқа барча ҳудудларда бу кўрсаткич 5–10 фоиздан ошмайди ёки бутунлай нолга тенг.

Таъкидланишича, бу каби чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазият барча МДҲ мамлакатларида бундай бизнес учун ҳуқуқий асос ишлаб чиқилмагани сабабли мураккаб ҳисобланади. Хусусан, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда бундай нормалар умуман йўқ.

Бальде ва унинг ҳамкасблари Грузия ва МДҲ давлатлари расмийларини бундай бўшлиқларни бартараф этишга, электрон чиқиндиларнинг тўпланиши ва уларни қайта ишлашни кузатишни осонлаштирадиган шарт-шароитларни яратишга чақирган.

«Бунинг шарофати билан бир вақтнинг ўзида бундай чиқиндилардан барча қимматбаҳо материалларни ажратиб олиш, табиатни электроника ишлаб чиқаришда қўлланиладиган симоб, кадмий ва бошқа заҳарли моддалар тўпланишидан ҳимоя қилиш мумкин бўлади», дея хулоса қилган тадқиқотчилар.