Ўзбекистонда амал қилиши тўхтатиб турилган паспортни янгисига алмаштириш тартиби жорий этилди

Президентнинг 26 январда элон қилинган фармони билан айрим ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Хабар қилинишича, эндиликда паспорт бериш учун «Давлат божи тўғрисида»ги қонун билан белгиланган миқдорда давлат божи ундириладию Бундан аввал Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда давлат божи ундирилган. Қарор билан, суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ўрнига янги паспорт бериш тартиби жорий қилинди.

Қидирувда бўлган айбланувчи ёки судланувчи республика ҳудудида ушланган тақдирда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт ички ишлар органлари ёки чегара назорати бўлинмалари томонидан маълумотларни йиғиш пунктига йўқ қилиш учун жўнатиш мақсадида олиб қўйилади ва унга паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.

Вақтинча хорижда бўлган паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномасини олиш учун Ўзбекистоннинг консуллик муассасасига мурожаат этганда унинг паспорти олиб қўйилади ва унга бу ҳақида далолатнома берилади. Олиб қўйилган паспортни йўқ қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги орқали маълумотларни йиғиш пунктига юборилади.

Шунингдек, суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчига ёки судланувчига янги паспорт маълумотларни йиғиш пункти томонидан ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун ичида берилади.

Бунда янги паспортни олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • белгиланган шаклдаги ариза;
  • процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганлиги ҳақидаги тасдиқланган қарор нусхаси;
  • давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция.

Суд ажрими билан паспортининг амал қилиши тўхтатиб турилган айбланувчи ёки судланувчи паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди. Тергов ҳибсхоналари ёки вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсга янги паспорт расмийлаштириш ушбу шахслар сақланаётган жойга борган ҳолда амалга оширилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда қанча фуқарога ID-карта берилгани ва Ўзбекистон паспорти визасиз саёҳат қилиш рейтингида қайси ўриндалиги маълум қилинган эди.