Сигарет чекишнинг коронавирус беморига таъсири маълум бўлди

Қўшма Штатлардаги Кливленд клиникаси олимлари сигарет чекувчи инсонлар COVID-19’га чалинганларида уларда вирусдан ўлиш хавфи юқори бўлишини аниқлади. Бу ҳақида «JAMA Internal Medicine» журналида чоп этилган мақолага таяниб, «MedicalXpress» хабар берди.

Фото: «iStock.com»

Тадқиқотчилар 7102 беморда узоқ муддатли чекиш ва коронавирус таъсири ўртасидаги боғлиқликни ўрганган. Беморларнинг 84,8 фоизи ҳеч қачон чекмаган, 12,8 фоизи илгари чекувчи бўлган ва 2,4 фоизи чекишни ҳалиям давом эттирган. Аниқланишича, 30 йил давомида кунига бир қути сигарет чекканларнинг касалхонага ётқизилиш эҳтимоли 2,25 баравар, ўлим хавфи эса 1,89 бараварга юқори бўлган.

Шу билан бирга, қисман чекувчиларда ҳам тез-тез ривожланадиган касалликлар, шу жумладан, юрак-қон томир тизими ва нафас олиш тизимининг бузилиши билан боғлиқ муаммолар юз берган. Бундан ташқари, шунга ўхшаш ҳолатлар нафақат чекишни давом эттираётганлар орасида, балки собиқ чекувчилар орасида ҳам кузатилган.

Тадқиқотчиларнинг якуний хулосасига кўра, натижалар ҳеч қачон чекмаганларда чекувчиларга қараганда COVID-19’нинг енгилроқ ўтганини кўрсатган.

Аввалроқ артериал гипертонияси бор инсонда коронавирус оғир кечиши маълум қилинган эди. Шунингдек, коронавирус янги штаммининг асосий хавфи эълон қилинган.