Бухорода Халқ қабулхоналарига келиб тушган 30 мингдан зиёд мурожаатнинг 61 фоизи қаноатлантирилди

Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхоналарига 30 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми (61 фоизи) қаноатлантирилди, мингдан зиёд мурожаат эса кўриб чиқилиш жараёнида. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, карантин даврида Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхоналарида аҳолининг уйда ўтирган ҳолда телефон ва интернет орқали мурожаат қилиши учун барча шарт-шароит яратилган. Вилоят ва туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ўртасида мурожаатларни кўриб чиқишни назорат қилишда, мавжуд муаммоларни муҳокама этиш ва уларга ечим топишда видеоконфренцалоқа хизмати йўлга қўйилди.

«Бошқача айтганда, пандемия пайтида қанчалик мураккаб бўлмасин, санитария-гигиена қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда бир кун ҳам ўз иш фаолиятимизни тўхтатмадик. Бу эса жойлардаги муаммоларга, аҳоли мурожаатларига оқилона ечим топишда қўл келди», — дейди вилоят Халқ қабулхонаси мудири Эркин Қудратов.

Хабарда таъкидланишича, Жондор тумани 3-сектор ҳудудидаги Нурафшон қишлоғида жойлашган 21-умумтаълим мактаби 1987 йилда қурилган бўлиб, 624 ўринга мўлжалланган эди. Ўқув муассасаси таъмирталаб ҳолга келганди. Aйниқса, куз-қиш мавсумида мактабни иситиш катта муаммога айланарди. Жондор тумани Халқ қабулхонасига мурожаатдан сўнг бу муаммо сектор раҳбари билан бирга тегишли мутахассислар жалб қилинган ҳолда атрофлича ўрганилган, «Йўл харитаси»га киритилган. 2020 йилда мазкур мактабни реконструкция қилиш ва замонавий жиҳозлаш учун 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари поёнига етиб қолган.

Шунингдек, Қирлишон қишлоғи Олот тумани марказидан қарийб 35 километр узоқда жойлашган. Ҳудуддаги 134 та хонадонда 686 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи катта муаммо эди. Aҳоли мурожаатларидан сўнг давлат бюджетидан 2,9 миллиард сўм ажратилиб, қишлоққа 11,5 километр узунликда ичимлик суви қувури тортилган, 1 та сув иншооти қурилган. Бундан ташқари, ҳудудга кириш жойидаги кўприк янгидан барпо этилган. Фуқаролар йиғинини туман маркази билан боғловчи асосий йўлнинг ўнқир-чўнқир қисми асфалт қилиниб, таъмирланган.

Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхоналарига 30 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми (61 фоиз) қаноатлантирилди, мингдан зиёд мурожаат эса кўриб чиқиш жараёнида. Маблағ ва муддат талаб этувчи мурожаатлар «Йўл харитаси»га киритилиб, уларнинг ҳал қилиниши назоратга олинди.

Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари ва сектор раҳбарлари ҳамкорлигида 656 марта оммавий қабул ва ёшлар билан 397 та учрашув ўтказилди. Ўртага ташланган масалаларнинг аксарият қисми қаноатлантирилди. Шунингдек, уйма-уй юриш орқали 2381 та муаммо аниқланиб, аксариятига ечим топилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каттақўрғонда йилнинг дастлабки 6 ойида Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар 2019 йил шу даврига нисбатан 152 тага камайгани ҳамда Тошкентда Президент Халқ қабулхоналарига келиб тушган 3800 дан зиёд мурожаатларниинг 84 фоизи қаноатлантирилгани ҳақда хабар қилинганди.