Навоийда банк ходимининг ноқонуний ҳаракати аниқланди

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги тижорат банкларидан бирида фаолият юритувчи мутахассис пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар хабар берди.

Маълум қилинишича, банк мутахассиси отаси раҳбарлик қилаётган боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликка туман ҳокимининг 2021 йилдаги қарори асосида ижара асосида берилган 22,6 гектар ер майдонининг 18,7 гектар қисмини 200 млн сўм эвазига харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда банк ходими олдиндан 190 млн сўм олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168 моддаси 4 қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Навоий